Икки ҳафтача давом этган қизғин баҳслардан сўнг, унда кўп нарсани фақат тахмин қилиш мумкин эди, албатта пул ҳокимияти вакилларининг аввалги ҳаракат ёки ҳаракатсизликларидан келиб чиққан ҳолда, энди кўп нарса аниқлашди, ойдинлашди ва қандайдир хотиржамлик пайдо бўлди. Бу ҳақда эксперт Зоҳид Зокир фейсбукдаги саҳифасида ёзади.

1. Энг ёмон хавотирлар, яъни «манфаатдор томонларга» ён босилиб, девальвацияни етарли даражада радикал қилмасдан, барча холис томонлар учун оғир ва хатарли қилиниши мумкинлиги ўринсиз бўлиб чиқди.

Янги курсни «бозор» курсидан (товарларнинг жорий нархлари маъносида) сал баланд киритилди ва шу билан ҳам нақд валюта айирбошлаш бозори тинчлантирилди, ҳам товарлар нархларининг асабий ўйнаши олди олинди. Бунга кўпчилик умид қилганди, лекин жуда кам одам ишонганди, шунинг учун ҳам кўпчилик учун бу яхшигина сюрприз бўлди.

2. Бошқа хавотир ташкилий ишкаллар борасида эди, лекин бу борада ҳам ҳозирча ҳаммаси ёқимли сюрприз маромида кетмоқда: банклар бемалол валюта алмаштириш операцияларини бошлаб юборгани, ҳатто паспорт ҳам талаб қилинмаслиги (катта суммалардан ташқари), кейин шохобчаларнинг ҳатто соат 22.00гача (!) ишлашга ўтиши — булар ашаддий скептикларда ҳам оптимизм уйғотди, ҳатто биз бу соҳада алмисоқдан қолганимиз ҳақида пичинг қилиб юрганларда ҳам.

3. Кўпчиликда баъзи техник деталлар савол туғдирмоқда, масалан, банклар топширилаётган ва йиғилиб борадиган нақд валюта купюраларини нима қилишади, агар фақат карточкаларга валюта берилса, унда тўёна, машина ва квартираларга қаердан нақд валюта олиш мумкин ва ҳоказо. Жавоб Қарорда берилган — давлат ички бозордаги пул айланмасини долларлашишини йўқотишга киришди. Лекин бу борада ҳам маълум қадамлар кетма-кетлиги талаб қилинади ва бу ишонч кредитини сақлаб қолиш учун жуда муҳимдир.

4. Биринчи қадам — нақд валюта беришни бошлашни чўзиб юбормасликдир — валюта купюралари йиғилиб қолгандан сўнг бу банклар учун табиий бўлади. 90-йилларда бир банк раҳбари мендан омбордаги нақд валютани нима қилса бўларкин деб сўраганди, чунки фойда ўрнига нуқул катта харажат келтириб чиқармоқда (сақлаш, қўриқлаш, ташишга). Ўшанда мен жисмоний шахсларга микрокредитлар беришни таклиф этгандим — қисқа муддатга ва катта фоизга, уй, машина ва тилла буюм гарови билан — ҳаммасини супуриб кетишади, керакли минимумни қолдирса етади. Кейинчалик худди шуни Европа тикланиш ва тараққиёт банки (!) 2000-йилларда қилиб, ойига 4 фоиз (йилига 48 фоиз!) микрокредитлар бериш билан бизнинг кичик бизнесни қўллаб-қувватлади (!?).