16:26 / 11.09.2017
8105

Шақири «Базель»га «МЮ»нинг ожиз нуқталарини айтиб берди

Фото: Blick

«Сток Сити» ярим ҳимоячиси, шанба куни «Манчестер Юнайтед»га қарши ажойиб ўйин кўрсатган Жердан Шақири Европа Чемпионлар Лигаси ўйинлари арафасида «МЮ»нинг ушбу турнирдаги илк рақиби бўлмиш Швейцариянинг «Базель» клубига ўз маслаҳатларини берди. 

Маълумки, Жердан Швейцария терма жамоаси футболчиси саналади ва ўз вақтида «Базель» таркибида ҳаракат қилганди. 

«Аввало, қўрқмасдан ўйнаш керак, агар ютқазсангиз ҳам бу қўрқинчли ҳолат эмас – «Манчестер Юнайтед» кучли ҳужум чизиғига эга жамоа», – деган футболчи. 

- «Манчестер Юнайтед»нинг ожиз нуқталари борми?
- Ҳа, уларнинг ҳимояси бўш. Бизнинг голларимиз буни исботлади. Агар тез ва қўрқмасдан ҳужум қилсангиз, ҳимоячиларда муаммолар юзага келади. 
- Погба ҳақида нима дейсиз?
- Ундан тўпни олиб қўйиш жуда қийин, аммо баъзида у тўпни ҳаддан зиёд кўп ушлаб қолади. Жисмоний тарафдан жуда кучли футболчи.
- Моуриньочи?
- Ким нима деса десин, лекин менга у жуда ёқади. У жуда айёр ва жамоасини руҳлантиришни жуда яхши билади – деди Шақири маҳаллий Blick нашрига берган интервьюсида. 

Эслатиб ўтамиз, Европа Чемпионлар Лигасининг дастлабки турида, эртага, 12 сентябрь куни «Базель» «Олд Траффорд»да меҳмон бўлади. Гуруҳда бу жамоалардан ташқари Португалиянинг «Бенфика» ва Россиянинг ЦСКА клублари ўрин олган.

Top