Жаҳон | 08:27 / 12.09.2017
7748
2 дақиқада ўқилади

БМТ Хавфсизлик кенгаши КХДРга қарши санкцияларни бир овоздан кучайтирди

Фото: AP

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгаши КХДРнинг олтинчи ядро синовини ўтказганига жавобан санкцияларни кучайтириш бўйича резолюцияни якдиллик билан қабул қилди. АҚШ томонидан тайёрланган ҳужжат ХКнинг барча аъзолари, хусусан Россия ва Хитой томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. 

Янги чекловлар Шимолий Кореядан тўқимачилик маҳсулотлари харид қилишни ва ушбу мамлакатга газ конденсатларини етказиб беришни тақиқлайди. Бундан ташқари, ХК КХДРга экспорт қилинадиган нефть маҳсулотларининг йиллик миқдорига ҳам чеклов қўйди. Унга кўра, шу йилнинг 1 октябридан 31 декабрь санасигача 500 минг баррель, 2018 йил ва ундан кейинги йилларда ҳар йили 2 млн баррелдан ортиқ етказиб бериш мумкин эмас. 

Аммо, 2375 сонли ҳужжатда КХДРга нефтнинг ўзини етказиб бериш борасида аниқ рақамлар кўрсатилмаган. Бунинг ўрнига углеводород хом-ашёсини ушбу давлатга сотиш сўнгги бир йилдаги миқдордан ошмаслиги кераклиги қайд этилган. Резолюция, шунингдек, КХДРга нисбатан жазо чорасини бузишда гумон қилинаётган кемаларни очиқ денгизда тинтишга рухсат беради. 

Америка томонига кўра, янги ҳужжат аввалги резолюциялардаги чекловлар билан бирга КХДРни маҳсулотлар ва хом ашё дан тушадиган даромадининг 90 фоизидан кўпроғидан маҳрум этади. Хусусан, 2016 йили КХДРнинг экспортдан тушуми 2,7 млрд долларни ташкил этган. Шундан 760 млн долларга яқини текстиль маҳсулотларига тўғри келади. 

Таъкидланишича, ҳужжатда Корея ядро дастури билан боғлиқ муаммони тинч йўл билан ҳал этишга урғу берилган. Барча давлатлар суверенитети муҳимлиги, Корея ярим оролидаги вазият кескинлашуви "минтақавий хавфсизлик учун жуда хавфли ва йирик оқибатларга олиб келиши мумкинлиги" қайд этилган.

Мавзуга оид