6.09.2017 йилдаги ЎРҚ–442-сон «Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда. 

Жиноят-процессуал кодексига киритилган тузатишларга биноан суриштирув жиноят ишини тергов қилишнинг мустакил шаклига айланди. Яъни, қатор жиноятлар бўйича жиноят ишлари суриштирувдан дастлабки терговга юборилмайди.

Натижада илгари барча жиноят ишлари бўйича мажбурий бўлган дастлабки тергов энди фақат алоҳида жиноят таркиблари бўйича мажбурий тартибда амалга оширилади (қуйидаги жадвалга қаранг).

Жадвалда кўрсатилмаган жиноят таркиблари бўйича суриштирув ўтказилади.

Суриштирувни 4 идора олиб боради, муддати – бир ой
 
Эндиликда жиноят ишлари бўйича суриштирув:

•  ички ишлар органлари;
•  Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ва унинг жойлардаги бўлинмалари;
•  Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва унинг жойлардаги бўлинмалари;
•  Давлат божхона қўмитаси ва унинг жойлардаги бўлинмалари суриштирувчилари томонидан олиб борилади.

Илгари суриштирув олиб борган бошқа органлар (ЖПК 38-моддасининг эски таҳрири) энди фақат терговгача текширув ўтказишга ҳақли. Муайян ҳолатларда суриштирувни прокурорлар ва терговчилар ўтказиши мумкин.

Суриштирув жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб 1 ойдан ошмаган муддатда тугатилиши даркор. Прокурор ушбу муддатни 20 суткагача узайтириши мумкин. Суриштирув қуйидаги ҳужжатлардан бирини расмийлаштириш билан тугатилади:

•  жиноят ишини тугатиш қарори - жиноят иши ЖПКнинг 83- ва  84-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда тугатилади;
•  айблов далолатномаси – суриштирувда аниқланган ҳолатлар, айбланувчининг шахси тўғрисидаги маълумотлар, эълон қилинган айбловнинг мазмуни, шунингдек суриштирув давомида аниқланган ва ушбу жиноят иши учун аҳамиятли бўлган бошқа маълумотларни ўз ичига олади. Айблов далолатномаси суриштирувчи томонидан имзоланади, суриштирув бўлими раҳбари билан келишилади кейин  жиноий иш дарҳол прокурорга жўнатилади;