Шу кунларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг диққат-эътибори икки ҳодисага қаратилди. Ўтган ҳафтанинг «хит мавзулари»нинг биринчи қаторида ош билан ўрнатилган рекорд, одамларнинг нафс илинжидаги талотўпи ва ур-йиқити эди. Буни қарангки, мавзу зум ўтмай буткул ўзгариб кетди. Ҳозир ҳамма ўша воқеаларни унутиб, Сирдарё вилояти Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Эгамбердиевнинг мактаб директорларини савалагани асосий муҳокама мавзусига айланди. Шу куни Kun.uz сайтида яна бир видеолавҳа эълон қилинди. Бу хизмат вазифасини бажариш вақтида беморнинг отаси томонидан калтакланган шифокор Зафар Қаюмов ҳақидаги воқеа.

Ижтимоий тармоқларни кузатиб, одамларнинг дунёқараши, ҳис-туйғулари, кайфияти қандай эканини илғаш мумкин. Энг муҳими, одамлар бугун барча демократик жамиятларда бўлгани сингари ҳар бир воқеиликка у ёки бу даражада ўз муносабатларини билдирмоқда. Бу орқали мамлакатимизда ҳам фуқаролик жамиятининг муҳим унсури сифатида қараладиган Жамоатчилик назорати шаклланиб борётганини кўрсатмоқда. Тармоқлар оралаб, одамларнинг энг қизиқ ва жўяли фикрларини йиғиб чиқдик.

Тармоқларга қармоқлар: 

Абдулазиз Муборак: 
Ҳолвани ҳоким ейди,
Калтакни устоз...! 
(Бугунги кун мақоли!)

Санжар Саид: Бу аудиони охиригача эшитишга тоқатим етмади. Шифокорларни давлат, ижро ҳокимияти бир томондан қийнаётган бўлса, халқ иккинчи томондан зўрлаяпти. Бу қандай бедодлик, бу қандай золимлик, бу қандай адолатсизлик?! Портал кимларни ҳимоя қилиб, кимларни жазолаяпти? Қани ички ишлар, қани прокуратура? Ўқитувчи билан шифокорни ҳимоя қиладиган мард қолдими?

Абдулмажид Зайниддин ўғли: Мана, нима учун бокс ривожланган, фан ривожланмаган! 

@udachnik__1:
-  Ие, домла,кўзиз кўкарибдими? 
- Ҳа, яқинда мустақиллик байрами бўлувди... 
- Ҳечқиси йўқ, конституция байрамигача тузалиб кетади..

Умида Азиз: Ўғлингиз ҳоким бўлишини истайсизми? Унда уни ёшлигидан қўл жанги ва бокс спорт тўгаракларига беринг!!!

Шукуржон Исломов: Айб зўравон, ҳокимдамас, тарсаки еб лаллайиб турган директорларда. Урса ур, сўкса сўк, жонингни олмайди...