Kun.uz сайтида 14 сентябрь куни Навоий вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг «Қора олтин» васвасаси сарлавҳали мақоласи нашр қилингач, ўқувчилардан эътирозли муносабатлар кела бошлади. Мақолада нефть ва ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари мамлакат ҳудудида ноқонуний айланиши бўйича учраётган ҳолатлар аниқлангани келтирилиб, бундай ҳолатларга қарши курашиш тарғиб қилинганди.
Деярли ҳар куни марказий телеканалларда пойтахтдан вилоятларга бензин олиб кетаётган ҳайдовчилар қонун бузувчилар сифатида сазойи қилинади, божхоначиларимиз республика ичида ноқонуний айланаётган нефть маҳсулотлари қўлга олингани ҳақида шараф билан хабар беришдан чарчамайдилар, вилоятлардаги кўчалар бўйида елим идишларда ёқилғи сотаётганлар бир қарашда бировнинг ҳожатини чиқаришаётган бўлишса ҳам ҳамманинг кўзига балодай кўринади.
Албатта, нефть маҳсулотлари белгиланган тартибда ташилиши, қатъий нархларда қонуний сотилиши шарт, буни ҳеч ким инкор этмайди. Лекин шунча чекловларга қарамай ноқонуний йўлларни тутаётганлар нега камаймаётгани тўғрисида бир ўйлаб кўриш, ҳаммасини рўй-рост айтиш фурсати келмадимикан?
Агар ошкоралик тамойилига амал қиладиган ва барча билиб турган гапни бўлсак, ҳамма мазмун бир жумлага жойланади: пойтахтдаги АЁҚШларда бензин бор, эмин эркин сотилмоқда, вилоятлар эса бундай неъматдан маҳрум. Тамом!
Айни шунинг учун ҳам ҳар қанча чекланса ҳам, тутиб жазоланса ҳам, мусодара қилинса ҳам бензин ташиш давом этаверади. Модомики, вилоятлардаги ҳайдовчилар қонуний харид қилиш имкониятига эга бўлмас эканлар, ноқонуний савдо авж олаверади. Чунки айрим ҳудудларимизда ёқилғини қонуний харид қилишнинг мутлақо имкони йўқ.
Келинг, оддий мисолларга мурожаат қиламиз. Интернетни титкиласангиз, АЁҚШларда пайдо бўлаётган ва километрлаб чўзилаётган автомобиллардан иборат навбатлар видеоси талайгина. Бир фойдаланувчи эринмай 3 километрга чўзилган навбатни суратга олгани ҳам бор гап. Ҳайдовчилар бензин кутиб тушгача умрлари ўтаётгани, шунча кутиб ҳам кўп ҳолларда ёқилғи қуя олмаётганлари, охир-оқибат «қўл»дан тўрт-беш мингдан сотиб олаётганларини айтиб нолишади. Хўш, оддий савол, бундай инсонлар нима қилишлари керак? Сотилиши лозим бўлган жойда сотилмаса, тўрт ғилдирак айланиб туриши шарт бўлса? Оғизда бўлса ҳам бутун тизимнинг пўстагини яхшилаб қоққанларича икки баробар нархда бўлса ҳам сотиб оладиларда.
Бир воқеага эътибор беринг. Тошкентдан вилоятга йўлга чиққан ҳайдовчилардан бири у томонларда ёқилғи тақчиллигини ҳисобга олган ҳолда иккита идишда 50 литр захира қилиб йўлга тушади. Машинани тўхтатган ЙПХ ходимлари бунга эътироз билдиришади ва бензин мусодара қилинишини айтишади. Ҳайдовчи бу бензин қайтиш учунлиги, борган жойидан сотиб ололмаслигини билдирганида «Майли, 30 литр қайтишингиз учун етарли, қолгани ноқонуний» дея баҳолашади. Шу ўринда савол туғилади: автомобилда қўшимча ёқилғи олиб юришнинг аниқ меъёри борми? Нега уни вазиятга қараб ҳар ким ўзича талқин қилади? Умуман олиб юриш мумкин бўлмаса, айни мана шундай ҳолларда қандай йўл тутиш мумкин?

















