Ўтган йилнинг охирида Карлос Тевес тўсатдан «Бока Хуниорс»ни тарк этиб, «Шангҳай Шенхуа» жамоасига ўтганди. Саргузаштлар бунга арзирди – Хитой клуби футболчига 40 миллион евро йиллик маош ваъда қилганди. Бу сумма Карлосни дунёдаги энг кўп маош оладиган футболчига айлантирди. Аргентина клуби мухлислари Тевесдан хафа бўлишди ва унга Европадан келганда Тевеснинг ўзи айтган бир иборани эслатишди – «бахтни ҳеч қандай пулга сотиб олиб бўлмайди».

Goal.com нашрининг таъкидлашича, трансфер хитойликлар учун 71 миллион фунтга тушган. Шартномада Тевес муддатидан олдин «Бока»га қайтиши мумкинлиги, у ҳолда аргентиналиклар «Шангҳай Шенхуа»га трансфер қийматининг 60 фоизини қайтариши кераклиги кўзда тутилганди. Тевеснинг ўзи бу трансфернинг сабаби сифатида, «Бока» футболчиларига ҳаддан ташқари босим борлигини айтган, аммо албатта қайтишга ваъда берганди.  

Daily Mail нашрига берган интервьюсида Карлос маош масаласида имкон қадар гап очмасликка уринган – «Менимча, бундай масалаларни ҳар ерда айтиб юриш тўғри эмас. Бу жамоадаги шерикларимга нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Аниқ суммани айтмайман, лекин айтишим мумкинки, матбуотда ёритилаётган суммалардан кўра, камроқ оламан», – деганди аргентиналик ҳужумчи. 

Хитой жамоаси Тевес билан илк ўйинни Австралиянинг «Брисбен Роар» клубига қарши ўтказди ва 0:2 ҳисобида бой бериб, Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига ўта олмади. Ўшанда ҳаммасини адаптация жараёни билан боғлашди ва Тевесга ишонишда давом этишди.

Аммо ҳадеганда мўъжиза содир бўлавермасди. Тевес доим нимадандир шикоят қилар, унга гоҳ ноодатий ўйин темпи, гоҳ ноқулай машғулотлар, гоҳида маҳаллий овқатлар ёки турмуш тарзи ёқмай қоларди. Айниқса, овқат масаласи, Тевес ҳатто Манчестерда яшаганида ҳам шаҳарда атиги иккита қониқарли ресторан борлигини айтган, Хитойда ундан бадтар бўлиб чиқди. Жамоа бош мураббийи Густаво Пойет ҳам илк кунларда Тевеснинг умуман овқат емаганини айтганди.

Хитойда твиттер ўрнини босадиган ижтимоий тармоқ бўлмиш Weibo да мухлислар Тевесни шунақа кўп танқид қилишадики, Сергеев ҳеч нарса эмас. Тевеснинг мавсум ярмини ўйнамай ўтказиб юборгани, майдонга тушган 12 ўйинида атиги 2 гол ургани, ҳафтасига 634 минг фунт маоши уёқда турсин, айниқса, футболчининг ҳар доим Аргентинага қайтиб кетмоқчи бўлавериши ҳам барчанинг жонига тегиб улгурган. Ҳар қандай футболчининг майдонда муаммолари бўлишини тушунишса ҳам, бу маошга ҳеч бўлмаса Тевесдан бор имкониятини ишга солишини талаб қиладилар.