2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлар инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Президенти «Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолаганди. Ушбу таълим соҳасидаги янгилик кўпчиликни қувонтирди, негаки, йиллар давомида педагогика йўналишида ишлаб келаётган олий маълумоти йўқ ўқитувчи ва тарбиячилар учун ишидан ажрамаган ҳолда олий таълим муассасасида сиртдан ўқиш имконияти пайдо бўлди.
Ташаббус ва таклиф қанчалик чин дилдан амалга оширилган бўлса, унинг ижроси ҳам мамлакат равнақига ҳисса қўшар даражада аниқ ва сифатли бўлишини кутгандик. Аммо... Ташаббуснинг муаммога сабаб бўлаётган жиҳати шундаки, ана шу махсус сиртқи таълимда ўқиш имкониятини қўлга киритиш учун педагог муайян талабларга жавоб берадиган даражада ҳужжатларни тайёрлаши, сўнгра тавсиянома сўралади. Хусусан, номзоднинг маълумоти ўрта-махсус бўлиб, иш жойида педагогика йўналишида камида 3 йил ишлаган бўлиши шарт. Шунингдек, номзоднинг иш жойи яшаш ҳудудидан узоқлиги, ўрта-махсус маълумотини тасдиқловчи ҳужжатда кўрсатилган аъло баҳолар, иш жойидаги педагогик кенгашнинг тавсияси ҳамда айни муассасанинг олий маълумотли кадрга эҳтиёжига ҳам эътибор қаратилади.
Номзод барча сўралган ҳужжатларни тайёрлаб, ўзи меҳнат қилиб келган туман Халқ таълими бўлимига тақдим этиши, сўнгра тузилган маҳаллий комиссия томонидан кўриб чиқилган аризалар талабларга мос келса, вилоят Халқ таълим бошқармасига юборилиши белгиланганди. Шу тарзда босқичлар якунига кўра, номзод олий таълим муассасасида ўқиш учун тавсияга эга бўлиши таъкидланган. Бевосита юқорида айтиб ўтганимдек, ихтилофларнинг барчаси маҳаллий тузилган комиссия томонидан аризаларни кейинги босқичга ўтказишда пайдо бўлмоқда. Kun.uz'га мурожаат қилган педагогларнинг айтишича, туман ХТБда тузилган комиссия аъзолари ҳужжатларни қасддан вилоят Халқ таълим бошқармасига юбормаяпти. Оқибатда, номзоднинг ўқиш имконияти автоматик тарзда йўқолиб, гарчи барча талабларга жавоб берса ҳам рад жавобини олади.
Kun.uz мухбири мазкур масала юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушган Фарғона вилоятига бориб, воқеага ойдинлик киритиш мақсадида суриштирув ўтказди. Аниқланишича, вилоятнинг айрим туманларида тавсиянома беришда номзоднинг битирган билим юрти, эгаллаган мутахассислиги, ҳозирда мутахассислик бўйича лавозими, асос қилиб олинмаган. Бундай ҳолатлар Ёзёвон, Учкўприк, Ўзбекистон туманларида кузатилган бўлиб, номзодларга билдирилган раддияларга асоссиз равишда сабаблар келтирилмаган.
«Менинг ҳужжатларим туман ХТБ комиссияси томонидан кўриб чиқилгач, вилоятга юборилмаган экан. Буни кейинроқ билдим, аммо нега юборилмагани очиқланмади: барча мезонлар бўйича тўлиқ мос тушган эдимку?», дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган Учкўприк туманидаги 26-мактабда ишлаб келаётган ўқитувчи.













