Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги “Косонсой” чегара-божхона пости фаолияти қайта тикланди
Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари ўртасидаги “Косонсой” чегара-божхона пости фаолияти қайта тикланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда вилоят ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, миллий маданий марказлар раҳбарлари, фахрийлар, ёшлар, журналистлар, шунингдек, Олабуқа райони ҳокими ўринбосари бошчилигида ташриф буюрган қирғизистонлик меҳмонлар иштирок этди.
Меҳмонлар чегара постида ўзбекона меҳмондўстлик удумларига биноан карнай-сурнай садолари остида тантанали кутиб олинди.
Маросимда ўзбек ва қирғиз халқларининг тарихи умумий, маданий ва диний қадриятлари муштарак, анъана ва урф-одатлари ўхшаш экани, халқларимиз ўртасидаги қадимий дўстлик, қардошлик ва аҳил қўшничилик муносабатлари кейинги вақтларда янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5 сентябрь куни Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи доирасида Президент Алмазбек Атамбоев билан учрашуви икки давлат ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий, маданий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлади, – дейди Косонсой тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.Йўлдошев. – Энг муҳими, халқларимиз ўртасидаги миллий муносабатларда азалий дўстона меҳр-оқибат, ўзаро хайрихоҳлик, ишонч ва самимият яна ўз ўзанини топди.
Бугун фаолияти тикланган мазкур чегара пости ўзаро дўстлик ва аҳил-иноқликнинг янада мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.
– Мен Қирғизистоннинг Олабуқа туманида туғилганман, – дейди Косонсой туманидаги 2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси М.Режаббоева. – 2000 йилда бу ерга келин бўлиб тушдим. Ўтган йиллар мобайнида қариндош-уруғларимиз билан борди-келди қилиш чегарадаги муаммолар туфайли бироз қийинлашиб қолган эди. Президентимизнинг яқинда Қирғизистонга давлат ташрифидан сўнг ҳар икки томондаги жигарбандларни қийнаётган бу муаммога барҳам берилди. Халқларимизни янада яқинлаштириш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар учун давлатимиз раҳбаридан беҳад миннатдормиз.
– Тўрт жияним Косонсой туманига турмушга чиққан, – дейди Олабуқа райони Оқсоқоллар кенгаши раиси М.Саматқулов. – Улар билан кейинги бир неча йил мобайнида борди-келди қилолмай келдик. Бироқ халқларимиз ўртасидаги азалий қардошлик ришталари сира узилмаган. Ишонамиз, бундан кейин ҳам янада мустаҳкамланиб бораверади. Шундай тарихий кун барчамизга муборак бўлсин!
Мавзуга оид
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти саммитида 8 та ҳужжат имзоланди
21:34 / 05.11.2024