Ўзбекистон | 18:53 / 20.09.2017
5572
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Жанубий Корея қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди

Корея Республикаси Миллий ассамблеяси депутати, Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси парламентлараро дўстлик гуруҳи раисининг ўринбосари Ким Чонг Хун бошчилигидаги Корея Республикаси делегацияси Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлигида учрашув ўтказди. 

Ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати хабар беришича, томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар.

Томонлар илғор технологияларни жорий этиш билан Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш қувватларини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишган.

Корея томонининг таъкидлашича, Ўзбекистонда етиштирилаётган мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари ўзларининг таъм сифати учун Кореяда машҳурдир. 

Бундан ташқари, Корея томонига иқтисодиётни янада либераллаштиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Ким Чонг Хун ушбу ислоҳотларнинг амалга оширилишини маъқуллаб, валюта бозорини эркинлаштириш билан Ўзбекистон инвестицион жозибадорликни сезиларли даражада мустаҳкамлигини таъкидлаб ўтди. Яқин йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига Корея сармояларининг оқимини кўпайтириш мўлжалланмоқда.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканликларини билдиришди.

Мавзуга оид