Ўзбекистон | 18:13 / 25.09.2017
14958
2 дақиқада ўқилади

Дорихоналар учун товар чеклари тасдиқланди

Иллюстратив сурат. Фото: KUN.UZ

2017 йил 17 июлдаги ПҚ–3137-сон “Аҳолини дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи (2017 йил 11 сентябрь) билан Товар чекларини бериш бўйича асбоб-ускуналар мавжуд бўлмаган ёки носоз бўлган ёхуд электр энергияси вақтинча ўчирилган ҳолларда дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана сотишда фойдаланиладиган товар чеклари китобининг шакли тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, аҳолига дори воситалари ва тиббиёт буюмларини оширилган нархларда сотиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида республикада дорихоналар томонидан товар чекларини бериш талаби киритилган. Шунингдек, тегишли ташкилотларга дорихоналарни товар чекларини бериш бўйича асбоб-ускуна ва дастурий комплекслар билан жиҳозлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилган.

Демак, эндиликда дорихоналар товар чеклари китобидан, унинг номида кўрсатилганидек, товар чекларини бериш бўйича асбоб-ускуналар мавжуд бўлмаганда, улар носоз бўлганда ёки электр энергияси вақтинча ўчирилганда фойдаланиши шарт.

Ўзгариш 2017 йил 18 сентябрда кучга кирди.

Мавзуга оид