Трансфер даричасининг сўнгги куни Давиде Дзаппакоста «Челси» билан тўрт йиллик шартнома имзолади. «Кўклар»нинг мухлислари дарҳол гуглга кириб, янги футболчи ҳақида маълумот излай бошлашди – ким ўзи бу Дзаппакоста? Аксарият мухлислар унчалик таниқли бўлмаган италияликнинг трансферидан хафа бўлишди, ахир худди шу позиция учун Алекс Окслейд-Чемберлейн асосий даъвогар бўлиб турган эди.
Дзаппакоста «Лестер»га қарши ўйиннинг 2-бўлимида дебют қилди ва ёмон таассурот қолдирмади. Орадан уч кун ўтиб, 12 сентябрь куни, «Қорабоғ»га қарши кечган Чемпионлар Лигаси ўйинида эса, илк голини нишонлаб ҳам улгурди. Лекин барибир, мана шундай ажойиб стартдан кейин ҳам, 25 ёшли қанот футболчиси кўпчилик учун сирлигича қолмоқда – ким ўзи бу Дзаппакоста?
Давиде 1992 йилнинг 11 июнида Италия марказидаги Соре шаҳарчасида таваллуд топди. Футболга бўлган меҳр унда ўз вақтида иқтидорли ҳужумчи бўлган, ҳозирда мураббийлик қилаётган отасидан ўтган. Қаҳрамонимиз 5 ёшиданоқ маҳаллий клубнинг болалар жамоасига қўшилди. Унинг биринчи устози Марио Борза бўлганди. 2008 йилда эса, у Исола Лирига ўтди, уни дарвозабон Палладинеллига алмаштиришганди.

Давиденинг ўсмирлик йиллари ҳеч қандай тўсиқларсиз ўтди, ҳар бир мураббий уни алоҳида эътироф этар, унинг меҳнаткашлиги, ҳар бир йўналишда ўсишга эришаётгани таъкидланарди. Кейинги босқич кўп куттирмади, ёш футболчи ўша пайтда Сандро Гросси бошқараётган «Исола Лири»нинг асосий таркибига жалб этилди. Шундан сўнг, Давиденинг ўсиши тезлашади – С2 Серияда 14 ўйинда майдонга тушиб, 1 гол урган футболчи «Аталанта» скаутларининг назарига тушади ва 2011 йилда у энди La Dea ихтиёрига ўтади. Тўғри, баргамоликлар ёш футболчи С Серияда ҳам маълум вақт тажриба тўплашини истадилар ва «Авеллино» клубига ижарага бердилар.
«Авеллино» таркибидаги илк мавсумда Давиде 27 ўйинда майдонга тушган бўлса-да, у қадар ёрқин кечмади. Балки шунинг учунми, «Аталанта» футболчининг ярим трансфер ҳуқуқини «Авеллино»га сотишга рози бўлиб қўя қолди. «Челси»нинг бўлажак ўйинчиси учун иккинчи мавсум ҳам у қадар муваффақиятли кечмади, аммо айнан ўша 2012/13 мавсумида Давиде С Сериядаги илк голини урди, клуб эса, В Серияга йўлланмани қўлга киритди.

Янги мавсумга тайёргарлик олдидан бош мураббий Растелли жамоа схемасига ўзгартириш киритишга жазм қилди. 4-3-1-2 ўрнига 3-5-2 келди ва ўнг қанот литерали вазифаси Дзаппакостага юкланди. Айнан мана шу янги схема футболчининг бор салоҳияти очилишига катта туртки берди. 2013/14 йилги мавсум сорелик ҳимоячи учун катта аҳамият касб этди, мутахассислар унинг ўйинини мақтаб, мавсумнинг кашфиётларидан бири сифатида эътироф этишди.



















