Хоҳлаган бир одамни тўхтатиб, унга микрафон тутинг ва бугунги ҳаёт ҳақида фикр сўранг: 7 ёшдан 70 ёшгача аксарият юртдошларимиз «Мустақиллигимиз шарофати билан», «Яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб...» деган шаблон ибораларни дастак қилганча образга кириб, салламно айтишга киришади. Озгина бўлса-да виждони бор журналистнинг бундан энг камида кўнгли айниши турган гап. Аммо, тан олайлик, бундай ёмби мисол қуйма «учар иборалар»ни айнан ўзимиз ёзавериб, гапиравериб, кўрсатавериб, каттаю кичикнинг онгига сингдириб ташладик. Эҳтимол, айб бизда ҳам эмасдир?! Эҳтимол...
Майли, «эҳтимоллар»ни қўя турамиз. Айтмоқчи бўлганим, яхшики, анъавий ОАВнинг янги тури сифатида баҳоланаётган Интернет дунё юзини кўрди ва бугун у жамиятнинг асл кўзгусига айланиб улгурди. «Шоҳи бор Искандарлар» учун эса «дард айтарга қудуқ» мақомини олди. Шу боис, одамлар гоҳ ошкор, гоҳ яширин қиёфаларда ижтимоий тармоқларда ўз фикр-мулоҳазаларини айтиб, кўнгил бўшатиб оладиган бўлди...
Kun.uz сайти тармоқларни кузатиб, ҳафтанинг энг кўп муҳокамага сабаб бўлган мавзулари ҳақида юртдошларимиз фикрини тўплаб, жамоатчиликка тақдим этиб бормоқда. Мақсад, одамлар фикрини ўрганиш, уларни ўйлантираётган муаммолар ҳақида хабардор қилиш.
Ўтган ҳафтада тармоқларнинг «хит» мавзуси ўқитувчи ва шифокорнинг калтакланиши бўлганди. Кейинги ўринда пахта мавзуси шабода мисол эса бошлади. 22 сентябрь куни сайтимизда «Хушхабар! Барча талаба, ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари пахта теримидан қайтарилади» номли хабарнинг эълон қилиниши билан сокин эсиб турган «шабода», «шамол»га айланди. Тармоқ фойдаланувчилари бу кутилмаган хабарни беэътибор қолдиришмади.
Анъанага мувофиқ, сайтимиз юртдошларимиз фикрига муносабат ёки шарҳ бермай келтиради. Плюрализм мавжудлиги фикр қилиш учун сизга кенг имкон, мўл мисол беради. Демак, улар билан танишамиз (айрим фикрларда имловий хатолар борлиги боис, таҳрирланди):
«Биз хам пахта терганмиз талабалик даврида. Ҳеч ҳам зарари йўқ, соппа-соғмиз, ўлганимиз йўқ, майиб бўлганимиз йўқ. Ўқишни ҳам ўзлаштирганмиз. Озгина меҳнат қилишса, қадрига етармиди ёшлар, қора меҳнат нималигини ҳис қилишармиди, далада яшаш қанақа бўлишини билишармиди. Жуда эркалатиб юбормаяпмизми ёшларни...» (Наргиза Ҳакимова)
***
«Оббо, нима ҳазилни тушунмайсизларми? Шунчаки ҳазиллашиб қайт деса, қайтаверадими ахир? Тилхат ёзиб ваъда бердингми бажар!!! Нима сизлар ҳокиммидингиз бугун ваъда бериб, эртага эсингиздан чиқарадиган? Ўқитувчи деган одамнинг гапи битта бўлиши керак, ҳа шундай!!!»
















