Сайт таҳририятига юртдошларимиздан «патентга тўлов қандай ва қай муддатда тўланади, ўз вақтида тўламаса нима бўлади?», деган саволлар кўп келмоқда. Бугун шу масалага ойдинлик киритмоқчимиз.
Патентнинг амал қилиш муддати қандай?
Патент 1 ойдан 12 ой муддатигача берилади. Патентнинг амал қилиш муддати бир неча марта узайтирилиши мумкин. Шундай бўлсада, патент муддати берилган кунидан 12 ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Патент муддати унинг учун олдиндан амалга оширилган тўлов давригача узайтирилган ҳисобланади. Агар вақтида тўлов амалга оширилмаса, охирги амалга оширилган тўлов даври тугаган куннинг эртасидан патент муддати тугаган ҳисобланади.
Патент учун тўловни қачон амалга ошириш керак?
Патент учун тўловни ҳар ойда ёки бир неча ойга олдиндан амалга ошириш мумкин. Бироқ, бирданига 12 ойдан ортиқ муддатга тўлаб бўлмайди. Сабаби, патентнинг умумий муддати 12 ойдан ортиқ эмас.
ДИҚҚАТ: Кўпчилик патентни қўлга олган кун санасидан келиб чиқиб тўламоқда. Бундай қилиш нотўғри. Патент тўловини унинг орқасидаги «Дата выдачи» деган жойда ёзилган санагача амалга ошириш лозим.
Масалан, патентни 12 февраль куни олгансиз. Патент орқасида эса 06 февраль кўрсатилган. Бундай ҳолда ҳар ойнинг 05 санасигача тўлаш лозим (кейингиси 05 мартгача, ундан кейингиси 05 апрелгача ва ҳоказо. Шундай қилиб ушбу ҳолатда тўлов амалга ошириш учун охирги кун кейинги даврнинг 05-санаси. 06-куни тўлов қилиш нотўғри. Чунки ойнинг олтинчи куни кейинги давр бошланган бўлади. Тўловни ўша давр бошланмасдан амалга ошириш шарт.) Яна бир бор эслатиб ўтамиз, патент тўловини унинг орқасидаги «Дата выдачи» деган жойда ёзилган санагача, яъни шу кундан камида бир кун олдин амалга ошириш шарт. У ерда ёзилган кунда тўлов қилиш ҳам нотўғри бўлади.
Агар сиз 2015 йилда олган патентингиз ўрнига мамлакатни тарк этмай янги патент олган бўлсангиз, патент тўловини янги олган патентингизда ёзилган санагача амалга оширишингиз шарт. Масалан: Эски патентда ёзилган сана 06 февраль эди. Янгисида эса 18 февраль ёзилган. Бундай ҳолатда тўловни кейинги даврнинг 17-санасигача амалга ошириш зарур.
Биз патент тўловини эртароқ, муддат тугашидан 3–5 кун олдин амалга оширишни маслаҳат берамиз. Шунда дам олиш ва байрам кунларига тўғри келиши туфайли тўловни қилишда муаммолар бўлмайди.















