Франциянинг France Football нашри ҳар йили энг юқори маошга эга бўлган футбол мураббийлари рўйхатини ҳавола этади. Ўтган мавсум якунларига кўра, «Манчестер Юнайтед» устози Жозе Моуриньо бу рўйхатда етакчилик қилиши ҳеч кимни ҳайрон қолдирмагани табиий. 2004 йилда бу рўйхатга қўшилган португалиялик мутахассис 12 мавсумда пешқадамлик қилган. Фақат икки марта уни ортда қолдиришган – 2004 йилда Алекс Фергюсон ва 2009 йили ўша вақти «Челси»да ишлаган Луис Филипе Сколари. 

2016/17 мавсум якунларига кўра Жозе Моуриньо 28 миллион евро маош билан биринчи, кейинги ўринларни Хитой терма жамоаси бош мураббийи Марчелло Липпи (23.5 миллион), «ПСЖ»даги шартномасини бекор қилган Лоран Блан (20 миллион), Карло Анчелотти (15.8 миллион) ва Пеп Гвардиола (14.5 миллион) банд этди.

Ушбу рейтингнинг муҳим хусусияти – бу ерда фақат клубдан олинадиган маошларгина эмас, барча реклама ҳуқуқлари орқали топиладиган даромадлар ҳам ҳисобланади. Айнан мана шу омил Жозе Моуриньони яққол пешқадамга айлантиради, зеро инглиз матбуотининг ёзишича, унинг Манчестердаги маоши 16 миллион евро, яъни Липпи ёки Лоран Бланнинг даромадларидан камроқ. Карло Анчелотти, Пеп Гвардиола каби мураббийлар ҳам Жозега яқинроқ маош олсалар-да, айнан реклама туфайли Жозе рақибларини деярли икки баробар ортда қолдира олади. Бу ҳар йили шунақа ва тасодиф эмас. 

Waitrose тухумлари

2007 йилнинг кузида, «Русенборг»га қарши Чемпионлар Лигаси ўйини олдидан ўтказилган матбуот анжуманида, ўша пайтда «Челси»да ишлаган Моуриньо журналистларга нолиди: «Бу худди қуймоқ ва тухумлар каби, тухум бўлмаса, қуймоқ ҳам бўлмайди», – деганди ўшанда Моуриньо – «ҳаммаси тухумнинг сифатига боғлиқ. Супермаркетда биринчи, иккинчи, ҳамда учинчи сортдаги тухумлар бор. Биринчи сорт тухумлар қимматроқ, аммо улардан ширинроқ қуймоқ чиқади. Яъни, агар биринчи сорт тухумлар Waitrose’да (Британиядаги йирик супермаркетлар тармоғи) сотилса ва сенда у ерга кира олиш имконияти бўлмаса, бу муаммо».

Ўшанда ҳеч ким тушунмади – бу супермаркетларнинг мукаммал режалаштирилган пиар-акцияси эдими ёки Моуриньо ростан ҳам қуймоқ тайёрлайдими? Нима бўлгандаям, бу иқтибос дунёни кезди, кейинроқ эса, Жозе Моуриньонинг расми билан «қадрини ҳамма ҳам билавермайди» деб ёзилган Waitrose рекламалари пайдо бўлди. Сўз ўйини ҳам жуда мос келган – ўша «Русенборг»га қарши ўйиндаги дурангдан сўнг, Моуриньо «Челси»дан истеъфога чиқарилганди. 

Барибир «Waitrose тухумлари» ибораси инглиз футболида фольклор бўлиб қолди ва ҳозиргача эслаб туришади. Бу бир нарсани, Жозенинг ҳақиқатан ҳам товарни реклама қила олишини, у қатнашган ҳар қандай тадбир мунозараларга, эътиборга молик ўлароқ қолишини билдиради.