Фан-техника | 17:26 / 29.09.2017
25333
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон «Одноклассники»га кирувчилар сони бўйича нечанчи ўринда? 

Фото: Одноклассники

«Одноклассники» ижтимоий тармоғи вакиллари 27 сентябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган мобиль технологиялар ва маркетингга бағишланган анжуманда иштирок этдилар. Конференцияда спикер сифатида «Одноклассники» лойиҳасининг бизнесни ривожлантириш бўйича менежери Виктор Кравченко қатнашди. Ўз чиқиши давомида у ижтимоий тармоқнинг ўзбекистонлик фойдаланувчилари ва янги маҳсулотлар ҳақида сўзлаб берди.

«Ўзбекистон — ўзининг 2 060 928 га тенг фойдаланувчилари билан ижтимоий тармоққа ташриф буюрувчиларнинг ўртача ойлик сони бўйича учинчи ўринда. Фақатгина Беларусь ва Қозоғистон олдинда. Одноклассники фойдаланувчилари ижтимоий тармоқда ўртача 41 дақиқа вақт сарфлайдилар», — деб айтди Виктор Кравченко.

Виктор Кравченко томонидан келтирилган статистик маълумотларга кўра, ОК иловаси 30 млн. маротаба юклаб олинган, Google Play’да энг кўп муҳокама қилинган илова деган номга сазовор бўлган ва IOS учун энг яхши иловалар рўйхатига кирган. Бундан аввалроқ 82% фойдаланувчилар мобиль телефонлардан фойдаланиши хабар қилинган ва бу йўналишда Ўзбекистон бошқа МДҲ мамлакатларини ортда қолдирмоқда.

Спикер «Одноклассники»даги саҳифалар, уларнинг имкониятлари ва яқинда ишга туширилган маҳсулотлар ва хизматлар пештахталари, гуруҳлар учун хабарлар, ОК мобиль иловаларида таҳлил ва фото, видео ёки маҳсулотларни намойиш этиш мумкин бўлган гуруҳлардаги созланувчи контентли блоклар каби янгиликлар ҳақида сўзлаб берди. Спикер видеоконтентга ҳам алоҳида эътибор қаратди.

«Ҳозирда видеоконтентлар ижтимоий тармоқларда жуда ҳам оммабоп, Одноклассники бундан мустасно эмас. Одноклассникида видеоларни томоша қилиш сони суткасига 350 миллиондан ортиқ. Ушбу соннинг 2 миллионга яқини Ўзбекистонга тўғри келади», — дейди Виктор Кравченко.

Ўз чиқишида Виктор Кравченко ОКнинг реклама майдонлари имкониятлари билан таништиришга алоҳида эътибор қаратди. Виктор Кравченко катта миқдордаги таргетлар ва энг самарадор реклама форматлари хақида батафсил маълумот берди.

Мавзуга оид