Испания маҳаллий полицияси мамлакатнинг шимолий қисми, Каталонияда жойлашган, тақиқланган мустақиллик референдумини ўтказиш учун жиҳозланаётган, 2315 та мактабдан 1300 тага яқинини вақтинча ёпишга мажбур бўлмоқда. Боиси айнан шу ерда,  эртага, 1 октябрь куни Испания тарихидаги энг оғриқли ички ихтилофлардан бири, яъни каталон халқининг мустақиллиги масаласи ҳал қилиниши мумкин.

Айни пайтда Каталонияда нималар юз бермоқда?

Маҳаллий полиция вакиллари марказий телекоммуникация тармоқларининг минтақавий бошқарувини тўлиқ назоратга олган. Шимолий-шарқий Испанияда истиқомат қилиб келувчи, ўз тили ва хос маданиятига эга 7,5 миллион каталонлар Испания конституциясига кўра, алоҳида миллат сифатида тан олинмайди. Ўзлари ягона ва испанлардан фарқли миллат деб билгувчи каталонлар эса мустақиллик талаб қилиб референдум ўтказишни истамоқда.
Мамлакат Конституцион суди мазкур референдумни қонундан ташқари, деб эълон қилди. Шунингдек, ҳудуддаги вазиятни тўлиқ назорат қилиш учун пойтахтдан минглаб зобитлар жойларга юборилди. Айни пайтда, 163 та мактаб каталонлар томонидан эгаллаб олинган ва референдум ўтказиш учун фойдаланиши мумкин.

Рақамлар нималардан сўйлайди?

Каталония ҳудудида яшовчи умумий аҳолининг 16 фоизи испан миллатига мансуб кишилардан ташкил топган. Мамлакат экспортининг 25.6 фоизлик улуши айнан ушбу ҳудуд ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, Испания йиллик ЯИМнинг 19 фоизи референдум талаби билан чиққан халқ яшайдиган ҳудудда ишлаб чиқарилади. Испанияга жалб этилган ташқи сармояларнинг 20.7 фоизи Каталонияга киритилган.

Фото: AP

Ушбу аҳоли нимани истайди?

Испания ягона тахти учун кураш қирол Филип V ҳарбий юришларни муваффақиятли тугаллаши билан якунланди. Негаки, унинг 1707 йилда Валенсия, 1714 йилда эса Каталония ерларини ҳамда денгизорти ҳудудларни эгаллаши билан 1715 йили янги ва бирлашган Испания дунё харитасида пайдо бўлди.

Босқинчилик ҳаракати испан тилини ёйиш, маданиятларни қориштириш билан бирга олиб борилди. Конкистадорларнинг сиёсати 1931 йили бироз чекингандай бўлди: бу вақтга келиб, Каталония кичик ҳукумат таркибига эга бўлиш ҳуқуқига эришди. Аммо Эбро остонасидаги жангда ғолиб бўлган генерал Франциско Франко 1938 йили бундай имтиёзларни бекор қилади ҳамда тоталитар вазият 1977 йилгача сақланиб қолди.