Ўзбекистон | 12:20 / 03.10.2017
85219
2 дақиқада ўқилади

Қачон банкларимиздан нақд валюта харид қилиш мумкин?

24 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 1 октябрдан бошлаб тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларга нақд валюта сотилиши бошланишини таъкидлагани ҳақида хабар берилган эди.

Бироқ, 3 октябрга келиб ҳам бу иш амалга ошганича йўқ. Тижорат банклари жисмоний шахсларга ҳамон валютани конверсион карталарга ўтказиб бериш йўли билангина сотишмоқда.

Аҳоли нақд долларни ҳамон «қора бозор»дан харид қилмоқда. Гарчи «қора бозор» аввалгидек эмин-эркин фаолият кўрсатмаётган, саррофлар ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан бот-бот ўтказилаётган тадбирлардан ваҳимага тушиб қолишган бўлса-да, улар хорижий валютани жуда эҳтиёткорлик билан, синалган кишиларгагина сотиб келишмоқда.

KUN.UZнинг аниқлик киритишича, айни пайтда Марказий банк томонидан бу борада маълум бир қарор ишлаб чиқилмоқда. Қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Яқин кунлар ичида бу борада қарор эълон қилинади. Баъзи тахминларга кўра, нақд хорижий валюта сотуви ҳақидаги қарор 10 октябрдан ишга тушиши мумкин.

Мавзуга оид