Истеъфога чиқарилган мураббий фаолиятини ўрганишда, унинг сўнгги эмас, дастлабки қарорларини таҳлил қилиш керак. Балки у хатони энг бошида, мана шу клубни танлаётганда қилгандир?.. 

«Бавария» италиялик мутахассис Карло Анчелоттини истеъфога чиқарди. Доимо бундай воқеалар содир бўлганда, вазиятни клуб томонидан таҳлил қилинади ва тайинловнинг не қадар тўғри ва нотўғри бўлгани ҳақида фикрлар янграйди. Лекин ўз навбатида, ҳар қандай истеъфо мураббий учун ҳам жуда муҳим нуқтадир. 

Клуб учун бош мураббий танлаш қай даражада масъулиятли ва муҳим иш бўлса, мураббий учун ҳам шунақа – ўзи учун клуб танлаётганда жуда эҳтиёткор бўлиши талаб этилади. Муваффақиятли мураббий бўлишнинг асосий калити ҳам шунда – агар мутахассис унга таклиф қилинаётган вазифанинг ўзи учун қанчалик мос ёки мос эмаслигини пайқай олса, шунга қараб қарор қабул қилади, табиийки, унинг фаолияти ҳам мана шу қарорлар устига қурилади. Доимо тўғри қарорни қабул қиладиган мураббий ҳеч қачон омадсизликка учрамайди, гўёки ишлаган ҳамма жойида ғалаба қозонгандек таассурот қолдиради, нархи ошади, топ мураббийлар сирасига кириб боради. 

Доимо худди мана шундай барқарор ва ижобий натижаларнинг кафолати сифатида тилга олиниб келган Карло Анчелотти ишлаган сўнгги 4 клубидан 3тасида муддатидан олдин истеъфога чиқарилиши, албатта, бироз ғалати туюлади. Папа Карло илгаригидек эмасми ёки танловларда хато қила бошладими? Айнан танловлардаги хатоликлар унинг илгаригидек эмаслигини кўрсатмаяптими? Ёки аслида у айнан Италия жамоалари учун мос бўлган холосми?

Аслини олганда, Анчелоттини истеъфога чиқарган ўша 3 клуб ўртасидаги ўзаро ўхшашликларни топа олсак, мураббийга халақит берадиган омилни топгандек бўламиз: «Челси», «Реал» ва «Бавария». 

«Челси», 2009-2011

Фото: Челси

«Ювентус» ва «Милан»даги муваффақиятли йиллардан сўнг, Анчелотти 2009 йилда «Челси» бош мураббийи этиб тайинланди. Мураббий илк мавсумдаёқ «Манчестер Юнайтед»нинг 3 йиллик ҳукмронлигига барҳам берди ва «Челси»ни яна мамлакат чемпионига айлантирди. Шу билан бирга мамлакат кубоги ҳам қўлга киритилди. Аммо келаси йили, совринсиз кечган илк мавсумдаёқ у истеъфога чиқарилди. Абрамовичнинг мураббийлар билан ўзига хос муносабати янгилик эмас, лекин иккинчи мавсумда ҳам ажойиб старт намойиш этган Анчелоттига нима халақит берганди?

«Мен «Челси» кийим алмаштириш хонасида ўзимни қулай ҳис этишимнинг асосий сабаби Рэй Уилкинсдир. У менинг ёрдамчим, дўстим. Сўзларимни шунчаки таржима қилиш бошқа, эмоцияларимни ҳам қўшиб футболчиларга етказиш умуман бошқа ва жуда мураккаб ишдир. Рэйда бундай қобилият бор», – деганди илк муваффақиятли мавсумдан кейин Карло Анчелотти ўзининг ёрдамчиси ҳақида.