Тошкент юридик коллежи директори лавозимидан озод этилди
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Тошкент юридик коллежи директори Наталья Темирова иш фаолиятида йўл қўйган жиддий хато ва камчиликлари учун “2-даражали адлия маслаҳатчиси” махсус унвон-мартаба даражасидан маҳрум қилиниб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вазирлик сайтида маълум қилинди.
Унда ёзилишича, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2017 йил 12 сентябрдаги 250-ум-сонли буйруғига асосан Тошкент юридик коллежи ўқитувчиларининг мурожаати юзасидан хизмат текшируви ўтказилди.
Хизмат текшируви давомида Тошкент юридик коллежи фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширишда Н.Темирова томонидан кадрларни ишга қабул қилишда қариндош-уруғчиликка йўл қўйилганлиги, ходимларни ишга қабул қилиш, ишда қолдиришда таъмагирлик ва қонунбузилишлар мавжудлиги, ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари асоссиз қўлланилганлиги, кадрлар қўнимсизлиги йилдан-йилга ошиб борганлиги, ўқув жараёнида ҳамда битирувчиларга диплом беришда қонунчилик талаблари бузилганлиги, иш юритиш ва ижро интизоми масаласига масъулиятсизлик билан ёндашилганлиги, топшириқ ва кўрсатмаларнинг тизимли равишда бажарилмаслиги ҳамда бошқа бир қатор қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, коллеж меҳнат жамоаси ўртасида гуруҳбозлик ва носоғлом муҳит шаклланганлиги, маънавий-тарбиявий ишларнинг ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги ва раҳбар ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашганлиги оқибатида 2017 йил 6 октябрь куни ўқувчилар томонидан коллеж ҳудудида оғир жиноят содир этилган.
Ўтказилган хизмат текшируви натижасига кўра, Тошкент юридик коллежи директори Н.Темирова томонидан бир қатор қонун ҳужжатлари талаблари бузилган деб топилган.
Хизмат текшируви давомида аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли ҳуқуқий баҳо бериш учун текширув материаллари тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди ҳамда бугунги кунда улар томонидан коллежда тегишли ўрганишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, 2017 йил 7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Адлия, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг масъул раҳбар ходимлари иштирокида ўтказилган йиғилишда коллеж раҳбарияти томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар коллеж ходимлари ва ўқитувчилари иштирокида муҳокама қилиниб, ташкилий масала кўрилди.
Унга кўра, иш фаолиятида йўл қўйган жиддий хато ва камчиликлари учун Тошкент юридик коллежи директори Наталья Сабировна Темирова “2-даражали адлия маслаҳатчиси” махсус унвон-мартаба даражасидан маҳрум қилиниб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Эслатиб ўтамиз, 6 октябрь куни юридик коллеж ҳудудида 3-курс талабалари ўртасида вужудга келган келишмовчилик оқибатида бир ўқувчи икки курсдошини пичоқлаб қўйган, олинган жароҳатлардан ўқувчилардан бири ҳаётдан кўз юмган эди.
Мавзуга оид
09:10 / 15.11.2024
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024