Сўнгги бир йил ичида жамиятимизда қандай улкан ўзгаришлар, янгиланишлар бўлаётганига барчамиз бирдай гувоҳмиз: энг муҳими, юртдошларимиз жонланиб, ўзларини ўйлантираётган масалалар бўйича очиқ-ойдин фикр алмашяпти, ўз мулоҳазаларини ўртага ташлаб, жамоатчилик хулосаси шаклланишига ҳисса қўшяпти. Фикр алмашишга, ечим ахтаришга арзигулик масалалар эса оз эмас. Шулардан бири — миллий ёзувимиз масаласидир.

Гарчи мустақилликнинг илк йилларида, аниқ айтадиган бўлсак, 1993 йилнинг 2 сентябр куни Олий Кенгашнинг ўн иккинчи чақириқ XIII сессиясида бу масала қонунан ҳал қилинган, яъни Ўзбекистонда лотин графикасига асосланган ўзбек алифбоси миллий ёзув сифатида расман белгиланган бўлса-да, ҳали-ҳануз бу қонун ижроси ҳаётимизда тўла-тўкис акс этмаяпти. Табиийки, «Нима учун?» деган савол туғилади. Бу саволнинг жавоби бир неча омилларга бориб тақалади. Шулардан бири — бугун амалда бўлган ўзбек лотин алифбосидаги айрим ноқисликлардир. Бу ноқисликлар ҳақида, мана, йигирма йилдан ошдики, турли давраларда гапириб келяпмиз. Охирги йилларда эса кўплаб мақолалар ҳам пайдо бўляпти. Уларда янги алифбомизни такомиллаштириш бўйича турли-туман таклифлар, мулоҳазалар ўртага ташланяпти. Зеро, бу вазифа Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 13 майдаги «Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонида ҳам аниқ белгилаб берилган эди. Жумладан, фармонда университетнинг асосий вазифаларидан бири сифатида «ўзбек тилининг асл табиати ва хусусиятларини тўла акс эттирадиган мукаммал академик ва ўқув грамматикаларини яратиш, унинг товушлар тизими ва уларнинг ёзувда акс этиши, жорий имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифлар тайёрлаш...» масаласи қайд этилган эди. Мазкур вазифани бажариш мақсадида Ўзбек тили ва адабиёти университети қошида таниқли мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Ушбу гуруҳ ўтган вақт мобайнида лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзуви ва имло қоидаларини такомиллаштириш бўйича иш олиб боряпти. Албатта, бу ишчи гуруҳ шу пайтгача қандай ишларни амалга оширганини сарҳисоб қилиш — алоҳида мақола мавзуси. Аммо, муҳими, миллий алифбомиздаги нуқсонларни бартараф этиш бўйича илмий асосда иш кетяпти. Ишчи гуруҳ ўзининг сўнгги хулосасини расман тақдим қилса, шубҳасиз, у кенг жамоатчилик томонидан обдон муҳокама этилиб, тилимиз учун энг қулай алифбога эга бўламиз, деган умиддамиз.

Аммо... сўнгги пайтларда янги алифбомиздаги айрим тузатса бўладиган жиҳатларни дастак қилиб, лотин алифбоси биз учун умуман яроқсиз, деган ўта асоссиз даъволарни эшитиб таажжубга тушяпмиз. Давлат тили даражасига кўтарилган туркий тилларнинг аксариятига жуда мос келаётган лотин ёзуви нега энди ўзбек тили учун мувофиқ эмас экан?! Агар айрим муаммолар бўлса, гап алифбодами ёки бизнинг ўзимиздами?