Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10-11 октябрь кунлари Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этди. 

Саммитнинг асосий тадбирлари 11 октябрь куни бўлди. 

Сочидаги Халқаро конгресслар марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин кутиб олди. 

Дастлаб МДҲ давлат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказди. Унда Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ушбу халқаро тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди. 

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги 1991 йил 8 декабрдаги МДҲни тузиш тўғрисидаги битим ҳамда 1991 йил 21 декабрдаги мазкур битимга протокол асосида ташкил қилинган. Ушбу халқаро тузилмага Ўзбекистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Арманистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Молдова Республикаси, Россия Федерацияси, Туркманистон, Тожикистон Республикаси ва Украина аъзо ҳисобланади. Ижроия қўмита МДҲнинг ижро этувчи, маъмурий ва мувофиқлаштирувчи идорасидир. 

Ўзбекистон МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликда фаол иштирок этиб келмоқда. Бу аъзо мамлакатлар билан турли соҳалардаги алоқалар ривожига ҳисса қўшмоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Ҳамдўстлик мамлакатлари билан савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, туризм, илм-фан, таълим ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини таъкидлади. Йил бошидан буён мамлакатимиз билан МДҲ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиз ўсган. 

Ўзбекистон тузилмадаги иштирокини янада фаоллаштиради. Шу йил 3 ноябрь куни пойтахтимизда МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилиши ўтказилади. 

Давлатимиз раҳбари аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ҳамдўстлик доирасида янги, аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлигини қайд этди. 

Транспорт ва коммуникациялар ҳамкорликнинг стратегик муҳим йўналиши ҳисобланади. Ўзаро интеграциялашган транспорт тизимларини ривожлантириш, Ҳамдўстлик минтақасининг улкан транзит салоҳиятидан тўла фойдаланиш барча учун манфаатли. Маъмурий жараёнларни такомиллаштириш ва ўзаро имтиёзлар бериш бу борада муҳим аҳамият касб этади.