Мустақиллик йилларида таълим соҳасида ёшларга замонавий билимларни бериш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашига қаратилган туб ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, интеллектуал, эстетик ва жисмоний баркамол авлодни шакллантиришни ҳамда ёшларга таълим беришни янги сифат даражасига кўтариш, шу жумладан, чет тиллари, информатика ҳамда математика, физика, кимё, биология каби муҳим ва талаб юқори бўлган бошқа фанларни чуқурлаштириб ўрганиш 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мақсадларидан бири сифатида белгиланган.
Бироқ бугунги кунда Халқ таълим варзирлиги ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар, мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларининг айрим ходимларнинг олиб бораётган «хизматлари», давлатимиз томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини виждонан ва сидқидилдан бажараётганликларини талаб даражасида, деб бўлмайди. Мен бу ўринда ёшларга таълим ва тарбия бераётган ўқитувчи ва мураббийларни эмас, Халқ таълим вазирлиги, унинг вилоят ва туман бўлимларнинг айрим маъсул ходимларини назарда тутмоқдаман. Бунга мисол сифатида Тошкент шаҳрида жойлашган 178-сонли давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида ва унинг атрофидаги воқеаларни келтирмоқчиман.
Ушбу мактабда 2017 йилнинг 15–17 август кунлари Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 августдаги 173-сонли қарори асосида ихтисослаштирилган 2-синфлар учун танлов ўтказилди. Ўтказилган танлов натижалари 23 август куни эълон қилинди. Эълон қилинган натижалардан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилдим. Халқ таълими вазирлигининг Чилонзор туман бўлимининг 2017 йилнинг 30 августида 02-5/1-749-сонли «ўғлингиз айрим фанлар чуқур ўқитиладиган синфга қабул қилинган», мазмунидаги жавоб хатини олдим.
2 сентябрь куни мактабларда ўқув жараёни бошлангандан сўнг ушбу жавоб хати ёлғон эканини билдим. Кимга керак ёлғон маълумот бериш?
Шундан сўнг ўтказилган тест натижаларни шахсан кўриш учун Тошкент шаҳар халқ таълим бошқармасига мурожаат қилдим. Тошкент шаҳар халқ таълим бошқармаси маъсул ходимлари менинг мурожаатимга «сиз тест натижалари эълон қилингандан сўнг 1 кун муддатда мурожаат қилишингиз керак эди», мазмунида жавоб беришди. Халқ таълими вазирлигининг аралашуви ёки Тошкент шаҳар халқ таълим бошқармаси маъсул ходимнинг таъбири билан айтганда, «вазирликнинг илтимосига кўра», тест натижалари билан танишдим.
Жажжи мурғак қалблар томонидан тест саволларига берилган жавоблар «саховатли» ходимлар томонидан нотўғри текширилганига гувоҳ бўлдим. Лекин мени қувонтирган жиҳати — бир синфдан 48 ўқувчини ўқитиб, шундай натижага эришган ўқитувчидир ва унга раҳмат айтгим келди. Ушбу ҳолат юзасидан изоҳ сўраганимда, Тошкент шаҳар халқ таълим бошқармасининг маъсул ходими одоб-ахлоқнинг «энг юксак» даражасида тушунтириш берганидан ҳайратга тушдим.















