Ўзбекистон | 07:57 / 12.10.2017
7329
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди

11 октябрда Ўзбекистонда Тожикистон миллий маҳсулотларининг илк кўргазмаси очилди. Кўргазма Тошкентдаги "Ўзэкспомарказ" кўргазмалар марказида ўтмоқда.  Кўргазма доирасида Ўзбекистон-Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. 

Тадбир Ўзбекистон томондан Ташқи савдо вазирлиги ва Савдо-Саноат палатаси, Тожикистон томондан эса Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси, Саноат ва янги технологиялар вазирлиги, Тожикистон Савдо-саноат палатаси ташкилотчилигида ўтди.

Форумда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг турли вилоятларидан нефть-газ, саноат, қурилиш индустрияси, транспорт, фойдали қазилмалар олиш, агросаноат, фармакология, енгил саноат, соғлиқни сақлаш, таълим, фан-техника, туризм ва бошқа соҳаларда машғул бўлган 500 га яқин корхона ва компания иштирок этди. 

Форум доирасида 20 дан кўпроқ шартнома ва 6 та меморандум, жумладан Ўзбекистон ва Тожикистон савдо-саноат палаталари ўртасида Ишчи кенгаш яратиш меморандуми имзоланди. 

Ташкил этилган тадбирлардан мақсад икки давлат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқаларини йўлга қўйиш ва кенгайтириш, янги корхоналар миқдори ўсишига кўмак бериш ва икки томонлама товар айланмаси ҳажмини оширишдан иборат.
2016 йил натижаларига кўра икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 197 млн, жорий йилнинг дастлабки 9 ойига кўра эса 178,2 млн долларни ташкил қилди.
Ўзбекистонда Тожикистон сармояси иштирокида 24 та корхона фаолият юритади. Ўз навбатида, Тожикистонда Ўзбекистон резидентлари иштирокида яратилган 9 та корхона иш олиб боради. 

Ўзбекистонда 11-13 октябрь кунлари Тожикистоннинг Ўзбекистондаги маданият кунларига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Бу тадбир доирасида "Замонавий Тожикистон" фотокўргазмаси, Тожикистон ҳақидаги китоблар тақдимоти, Тожикистонда яратилган бадиий фильмлар намойиши ва Тожикистон санъат ва маданият намояндалари концерти ўтмоқда.      

Мавзуга оид