16:10 / 13.10.2017
9511

АПЛда ойнинг энг яхшилари аниқланди

«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола Англия премьер-лигасининг сентябрь ойидаги энг яхши мураббийи деб топилди. Бу ҳақда премьер-лига расмий сайти хабар тарқатди.

Каталониялик мутахассис бу соврин учун курашда Маурисио Почеттино («Тоттенҳэм»), Жозе Моуриньо («Манчестер Юнайтед») ва Арсен Венгерни («Арсенал») ортда қолдирди.

Сентябрь ойида «Манчестер Сити» АПЛ доирасидаги тўртта учрашувнинг барчасида ғалаба қозонди. Бу учрашувларда «Ливерпуль» (5:0), «Уотфорд» (6:0), «Кристал Пэлас» (5:0) ва «Челси» (1:0) мағлуб этилди.

Бу Гвардиоланинг АПЛга келганидан буён ойнинг энг яхши мураббийи сифатидаги иккинчи соврини бўлди.

Ой футболчиси

«Тоттенҳэм» ҳужумчиси Ҳарри Кейн Англия Премьер-лигасининг сентябрь ойи якунларига кўра, энг яхши футболчи деб топилди.

«Шпорлар» ҳужумчиси сентябрь ойида 4 учярашувда 6та гол киритишга муваффақ бўлди. У бу совринни бешинчи марта қўлга киритди ва бу борада ҳозирданоқ Уэйн Руни ва Робин ван Персига тенглашиб олди. Бу совринни энг кўп қўлга киритган футболчи «Ливерпуль» яримҳимоячиси Стивен Жеррард бўлиб, у 6 марта бундай ютуққа эришган.

Ойнинг энг чиройли голи

«Манчестер Юнайтед» ҳимоячиси Антонио Валенсия Премьер-лиганинг сентябрь ойидаги энг чиройли голи муаллифи бўлди.

Эквадорлик футболчи АПЛ 5-турининг «Эвертон»га қарши учрашувида (4:0) ҳисобни очувчи голга муаллифлик қилганди.

«Совринни ютганимда хурсандман. Менга овоз берган барчага ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Ўйинни омадли бошлаш орқали «Эвертон»ни мағлубиятга учратишимиз осон кечганди ва биз уч очколик бўлгандик.Шу боисдан ҳам бу гол билан фахрланаман», — деган Валенсия.

Top