Оҳангарон металл конструкция заводига тамал тоши қўйилди
12 октябрь куни Ангрен эркин иқтисодий зонасининг Оҳангарон секторида дастлабки лойиҳа қиймати 10,7 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган Оҳангарон металл конструкция заводига тамал тоши қўйиш маросими ўтказилди. Унда Туркиянинг DAL Teknik Makina Ticaret ve Sanayi A. Ş. компанияси бошқарув кенгаши раиси Жевдет Дал, Ангрен ЭИЗ раҳбарияти ва Оҳангарон тумани ҳокимлиги вакиллари иштирок этишди. Тўлалигича турк сармояси ҳисобидан барпо этиладиган мазкур завод 2018 йил май ойида қуриб битирилиши режалаштирилмоқда.
DAL Heavy Industries МЧЖ ХК бош директори Жобир Шукруллаевнинг Kun.uz’га хабар қилишича, лойиҳанинг дастлабки босқичида йилига 12 минг тонна, иккинчи ва учинчи босқичларида эса 24 минг ва 30 минг тонна металл конструкция ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Лойиҳа тўлиқ ишга туширилганда 400 нафар ишчи доимий иш ўрни билан таъминланиши режалаштирилган. Заводда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ички бозорни юқори сифатли замонавий товар билан таъминлашдан ташқари Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистон каби қўшни давлатларга экспорт қилиниши мўлжалланмоқда.
Шунингдек, DAL Teknik Makina Ticaret ve Sanayi A. Ş. 2012 йилдан 2016 йилгача Жиззах вилоятида умумий қиймати 133,4 миллион АҚШ долларига тенг Жиззах цемент заводини барпо этиш ва кенгайтириши устида иш олиб борди. Айни пайтда компания Сурхондарё вилояти Шеробод туманида умумий қиймати 203,1 миллион АҚШ долларига тенг Шеробод цемент заводини қуриш ишларини давом эттирмоқда.
Бундан ташқари, 2018 йил сўнгига қадар компания томонидан Жиззах вилоятида 12,6 миллион АҚШ долларига тенг 4та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Мавзуга оид
10:59 / 04.11.2024
Оҳангаронда ўзаро тўқнашган Cobalt машинаси ва Isuzu автобуси ёниб кетди
20:55 / 02.11.2024
Ўзбекистонда электр энергияси ва метан гази олиш учун 8 та чиқинди ёқиш заводи, 1 та чиқинди полигони қурилади
18:37 / 24.09.2024
Тошкент вилоятида 9 кишининг номига имтиёзли кредит расмийлаштирган МЧЖ раҳбарига жиноят иши қўзғатилди
08:50 / 17.09.2024