Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясида иштирок этиш учун, шунингдек, МДҲ давлат раҳбарларининг Сочидаги саммитида қатнашиш учун россиялик олигарх Алишер Усмоновнинг Airbus A-340-300 самолётидан фойдаланди.
Кейинроқ Uzbekistan airways миллий авиакомпанияси самолёт ижарага олингани ҳақида эълон қилди.

Маълумки, Ўзбекистон давлат ва ҳукумат раҳбарларига хизмат кўрсатиш учун миллий авиакомпаниямиз авиапаркаида Boeing-767-300, Boeing-757-200, Airbus A-320, Avro RJ-85 каби самолётлар хизмат кўрсатиб келарди. Уларнинг ичида энг йириги UK67000 рақамли Boeing-767-300 самолёти энг узоғи билан 9700 км масофага уча олади. Тошкентдан Нью-Йорккача ҳаво орқали масофа эса 10 минг 200 километрдан зиёд. Яъни, Boeing-767-300 самолётида бундай масофага парвозни ўртада ёқилғи қуйиш учун қўнишсиз амалга ошириб бўлмайди. Алишер Усмоновга тегишли Airbus A-340-300’нинг учиш масофаси 13 минг 700 километрни ташкил этади.

Тошкентдан Нью-Йорккача «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг Boeing-767-300 самолётлари рейслари Латвия пойтахти Рига шаҳрида қўниб ўтиш орқали амалга ошириб келинарди. Миллий авиакомпания 13 минг 600 км масофага тўхтовсиз уча оладиган Boeing-787-8 Dreamliner самолётларини харид қилгач, Нью-Йоркка тўғридан-тўғри учиш имконияти пайдо бўлди.
Боинг 767 ҳам, 787 ҳам икки моторли турбореактив самолёт ҳисобланади. Умуман, жаҳондаги етакчи давлат раҳбарлари фойдаланадиган самолётларга эътибор берсангиз, уларнинг аксарияти 4 моторли ёки камида узоқ масофага уча оладиган самолётлардир. Самолётнинг айнан 4 моторли бўлиши узоқ парвозлар чоғида хавфсизликни таъминлаш учун танланган. Чунки 2 моторли самолётда моторлардан бири ишдан чиқса, самолётни зудлик билан қўндиришга тўғри келади. 4 моторли самолётлар эса 3та мотор билан ҳам парвозни бемалол давом эттира олади.
Келинг, баҳонада жаҳондаги етакчи давлатлар раҳбарлари қандай русумдаги самолётлардан фойдаланишини кўриб чиқамиз.
Россия Федерацияси






















