Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги қарорини имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.
«Маданият ва санъат соҳасидаги бошқарув тизимида давлат сиёсатини амалга ошириш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги юридик шахс ташкил этмасдан фаолият кўрсатаётган бюджетдан ташқари Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин», дейилган қарорда.
Жамғарманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:
«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси фаолиятини таъминлаш;
молиявий, ташкилий ва ижодий йўналишларда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш асосида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, маданият арбобларини ҳамда тасвирий санъат, адабиёт, театр, мусиқа ва хореография соҳаларида уларнинг ташаббуси билан ташкил этиладиган тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;
халқаро ва давлатлараро маданий алоқаларни кенгайтириш, маданият ва санъат соҳасида халқаро маданий ташкилотлар ва хайрия жамғармалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий сармоя ва грантларни жалб этиш, мамлакатимизда маданият ва санъатга доир ҳомийликни ривожлантиришга кўмаклашиш;
маданиятлараро ижодий мулоқотни йўлга қўйиш ва ўзбек санъатининг жаҳон бадиий ва маданий маконига интеграциялашувига кўмаклашиш, шунингдек, мамлакатимизнинг маданий ва илмий-техник салоҳияти ҳамда рақобатдошлиги билан боғлиқ жиҳатларни намойиш этиш;
маданият ва санъат соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тизимидаги муассасаларни зарур адабиётлар ва даврий нашрлар билан таъминлаш;
хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимиз музейлари ва бошқа маданий муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш;
халқаро стандартларга мувофиқ янги маданий муассасалар қуриш учун молиявий маблағ ва кўмак бериш;











