Спорт | 17:16 / 18.10.2017
40579
6 дақиқада ўқилади

ЕЧЛда бугун яна 8 учрашув

Бугун, 18 октябрь оқшомида Чемпионлар лигасида 3-тур учрашувлари давом эттирилади. «Трибуна» ушбу учрашувдан аввал жамоаларнинг вазиятига назар ташлайди. 

A ГУРУҲИ

БЕНФИКА – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД

 

«Манчестер Юнайтед» илк чемпионлар кубогини финалда айнан «Бенфика» устидан ғалаба қозониб, қўлга киритганди. Умуман бу жамоалар еврокубокларда кўп тўқнаш келишади, масалан, охиргисида, 2011/12 йилги мавсумда, гуруҳдаги ҳар икки ўйин дуранг билан якунланган ва «Бенфика» гуруҳни пешқадам сифатида якунлаганди. «Базель» билан омадсиз ўйинлар туфайли Фергюсон жамоаси гуруҳда қолиб кетган.

Яна Моуриньо, Матич ва Линделофнинг ўз вақтида «Бенфика»га алоқадор бўлганини айтиш мумкин. «Юнайтед»ни яқин кунларда АПЛда «Тоттенҳэм» ва «Челси» билан муҳим ўйинлар кутиб турибди, шуни эътиборга олсак, Моуриньо имкон қадар 3 очко олиб, бу турнирдаги вазифани деярли ҳал қилиб қўйишга интилиши табиий.

ЦСКА – БАЗЕЛЬ

Ҳар икки жамоа ҳам «МЮ»дан йирик ҳисобда мағлуб бўлди ва «Бенфика»ни ютди. Яъни бу ўйинларга плей-оффга чиқиш учун ўзига хос плей-офф деб ҳам баҳо бериш мумкин.

ЦСКА ҳам, «Базель» ҳам ички чемпионатда пешқадамдан беш очко ортда қолган ҳолда учинчи ўринда боришмоқда. Россия чемпионатининг кучлироқ эканини тахмин қилиш мумкин, аммо «Базель» доимо рус жамоаларига қарши муваффақиятли тўп сурган. Хуллас, 2-ўрин учун ўзига хос жангни кутишимиз мумкин.

 

B ГУРУҲИ

БАВАРИЯ – СЕЛТИК

ЕЧЛдаги аввалги ўйиндан («ПСЖ»-0:3) сўнг «Бавария» бош мураббийини истеъфога чиқарди ва немисларга сўнгги ЧЛ кубогини олиб берган Юпп Хайнкес қайтарилди. Футболчилар бу ўзгаришни ижобий қабул қилдилар ва бундеслигадаги йирик ҳисоб билан исботладилар.

«Селтик» бу гуруҳда Европа Лигаси йўлланмасидан ортиғини тасаввур ҳам қилмаса керак. Аммо бунинг учун ҳам, албатта, ўйнашга ва кутилмаган очколарни қўлга киритишга тўғри келади. Яна қачон бу жамоа бутун Европанинг кўз ўнгида бўлади? Албатта, «Бавария» ёки «ПСЖ»га қарши ўйинларда, тўғрими? Ахир шунинг учун чиқилмайдими Чемпионлар лигасига...  

АНДЕРЛЕҲТ – ПСЖ

Гуруҳдаги нариги учрашув характеридаги тўқнашув. «Андерлеҳт» ўтган мавсум Европа Лигасида бошқа бир топ клуб – «Манчестер Юнайтед» билан муносиб ўйнай олганди. Аммо ўша турнирда «Андерлеҳт» гўёки мезбон, манчестерликлар адашиб келиб қолгандилар.

Бу ер эса Европа Чемпионлар Лигаси ва рақиб «ПСЖ».

 

C ГУРУҲИ

ҚОРАБОҒ – АТЛЕТИКО

Чемпионлар Лигаси дебютанти сўнгги йиллардаги мусобақанинг энг кучли ва барқарор клубларидан бирини қабул қилади. Озарбойжонликлар у қадар қўрқмаса ҳам бўлади, «Атлетико» кўпроқ куч жиҳатидан ўзига яқинроқ ёки топ клубларга қарши кучлироқ ўйин кўрсатади. Симеоне шогирдлари аутсайдерларга қарши бироз камтарона ўйнайди.

Бир неча йил олдин Қозоғистоннинг «Астана» клуби ўз майдонида испанларга муносиб ўйнаганини эсласак, «Қорабоғ»да имконият бордек. Лекин бу сафарги гуруҳнинг таркиби кучлироқ, «Атлетико» айниқса «Қорабоғ» билан ўйинда очко йўқотишни умуман истамаслиги аниқ.   

ЧЕЛСИ – РОМА

«Челси» ички чемпионатда қаторасига икки марта мағлубиятга учради. Айтишларича, Антонио Конте сўнгги мағлубиятдан кейин ечиниш хонасида шогирдларини қаттиқ койиган ва айниқса Батшуайи мураббийнинг норозилигига учраган. Ўз навбатида «Рома» ҳам сўнгги турни муваффақиятсиз ўтказди ва «Наполи»га ўз майдонида имкониятни бой берди.

Айтиш мумкинки, плей-офф йўлланмаси учун икки асосий даъвогар ўртасидаги ўйин жуда қизиқ кечиши кутилмоқда. Бугунги куннинг энг марказий ўйини сифатида айнан мана шу ўйинни кўрсатиш мумкин.

D ГУРУҲИ

БАРСЕЛОНА – ОЛИМПИАКОС

«Барселона» Испанияда ҳам, Европада ҳам мавсумни бир текисда бошлади ва пешқадамлик қилмоқда. Бугунги ўйиндаги ғалаба каталонияликларни деярли плей-офф иштирокчисига айлантиради. Бу вазифани иложи борича эртароқ ҳал қилиш Валверде учун ҳам айни муддао, чунки Ла Лига тақвими энди жамоага кучлироқ рақибларни аста-секин рўпара қилишни бошлади. 

ЮВЕНТУС – СПОРТИНГ

Италияликлар «Барселона»да мағлубиятга учраётганда, «Спортинг» сафарда «Олимпиакос» устидан муҳим ғалабани қўлга киритганди. Айнан ўша ғалаба бугунги тўқнашувда португалияликлар қўлидаги «кузир» бўлиб хизмат қилади. Чунки, «Ювентус» ҳали Грецияда ғалаба қозонмади. Яъни «Спортинг» «Ювентус» билан ўйинларда ижобий натижа қайд этса, плей-офф учун яхшигина имконият ҳосил қилиши мумкин. Турнир нуқтаи назаридан ушбу тўқнашув ҳам турнинг марказий ўйинлари сифатида қайд этса бўлади. 

Мавзуга оид