Британия разведка хизматлари терроризмга қарши тобора кўпроқ кураш олиб бормоқда, дея маълум қилди МИ-5 разведка хизмати раҳбари Эндрю Паркер Лондондаги махсус брифингда.

Паркернинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда унинг бўлинмаси ортиб бораётган терроризм таҳдидига дуч келмоқда ва уни аниқлаш қийинроқ ҳолга айланди.

Бу йил Буюк Британияда бешта теракт содир этилди. Паркернинг таъкидлашича, улар МИ-5 ходимларига жиддий маънавий таъсир кўрсатган.

Маҳкама бошлиғининг айтишича, ИШИД гуруҳи сафида жанг қилишга жўнаб кетган британияликлардан 130 нафари ҳалок бўлган.

Паркернинг таъкидлашича, МИ-5 ҳозирда 500 га яқин амалиётни ўтказмоқда, улар экстремистик фаолиятига у ёки бу жиҳатдан алоқадор бўлган тахминан 3000 кишини қамраб олади.

Ўтган тўрт йил мобайнида 20 та ҳужумнинг олди олинди, шу жумладан охирги етти ойда еттита. Уларнинг барчаси экстремизм билан боғлиқ, дея қўшимча қилган у.

Террорчилар бу йил амалга оширган бешта ҳужумдан энг қонлиси «Манчестер Арена» концерт залининг фойесида қўшиқчи Ариана Гранденинг концертидан сўнг содир бўлган худкушлик ҳужуми бўлиб, ҳодиса оқибатида 22 киши ҳалок бўлди.

Бундан ташқари, март ойида парламент яқинидаги ҳужум пайтида беш киши ҳаётдан кўз юмди. Лондон кўприги яқинида эса машинанинг одамлар устига ҳайдаб борилиши, сўнг ундан уч кишининг тушиб, ўткинчиларга пичоқ билан ташланиши туфайли яна саккиз киши ҳалок бўлган.

Июнь ойида эркак киши Лондон шимолидаги масжид яқинида одамлар устига машинани ҳайдаб борди, сентябрда Парсонс-грин бекатидаги метро вагонида қўлбола бомба қисман портлатилди, натижада 30 киши жабрланди.

Баъзи ҳолатларда, масалан, Лондон кўпригидаги ҳужум каби, жиноятчилардан бири – Ҳурам Батт – МИ-5’га яхши маълум бўлган, унга нисбатан тергов олиб борилган.

Журналистлар Паркердан МИ-5 кузатувининг маъноси нимада эканини сўрашган. Уларнинг билдиришича, ўша шахслар экстремистлар билан алоқаларини яширишмаган ҳамда теракт содир этиш имкониятини қўлга киритишган.

Унинг жавобига кўра, ҳар бир махсус кузатув объекти ҳар кунлик ва ҳар ҳафталик асосда баҳоланади ҳамда шу асосда устувор вазифалар белгиланади.

«Асосий муаммоларимиздан бири - бизда фақат маълумотларнинг бир қисми бўлади, ҳамда уларни нима содир бўлиши бўйича ягона картинага бирлаштириш керак бўлади», - деди МИ-5 раҳбари.

Унинг таъкидлашича, ҳужум юз берганда, уни маҳкамага таниш бўлган шахс амалга ошириши эҳтимоли юқоридир. Акс ҳолда, махсус хизматлар нотўғри йўналишда қидиришган.