Жамият | 12:29 / 23.10.2017
53513
4 дақиқада ўқилади

Вазир ўринбосари: «Боғча болаларни сақлаб туриш шохобчаси эмас​»

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасида 3-7 ёшда бўлган 2,3 миллион боланинг 31 фоизигина мактабгача таълим муассасалари томонидан қамраб олинган. Президент Шавкат Мирзиёев ана шу соҳага эътибор қаратиб, Мактабгача таълим вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолаганди. Янги вазирлик раҳбарияти тез фурсатда халқ билан мулоқотга киришишни бошлади.

«Олдимизга қўйилган вазифалар юксак, албатта, биз буни амалга оширишимиз лозим. Биринчидан, боғчадаги тарбияланувчи болалар ҳар томонлама соғлом ўсиши учун талаб этиладиган шароитни яратишимиз лозим. Бу боланинг жисмонан соғлом бўлиши билан бирга дунё қарашини кенгайтириш, танқидий фикрлашини ўстиришга оид масала, дегани. Иккинчидан, умуммиллий дастур сифатида барча мактабгача ёшда бўлган болаларни МТМга қамраб олишимиз шарт. Бунинг учун давлат шерикчилигидаги боғчалар қурилиши, узоқ ва аҳоли кўп яшайдиган туманларда янги давлат боғчалари ёки хусусий МТМларни қуришни рағбатлантириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, алоҳида имтиёзлар билан хорижий сармоядорларни МТМ соҳасини ривожлантиришга чорлаб қоламиз. Бунинг учун тегишли давлат ташкилотлари билан мувофиқ фаолият олиб борган ҳолда, бўш ва фойдаланишда бўлмаган биноларни тадбиркорларга тақдим этишимиз мумкин», дейди вазир Агрепина Шин.

Мактабгача таълим вазири ўринбосари Гулчеҳра Йўлдошеванинг айтишича, турли шаклдаги МТМларнинг ташкил этилиши сифат ва рақобатни ошириш билан бир қаторда, ота-оналарга танлов имкониятини тақдим этади. «Яъниким, мусиқа ёки спорт, ундан ташқари хорижий тилларга ихтисослаштирилган турли хусусий, давлат шерикчилигидаги хусусий МТМлар ташкил этилади. Шу билан бирга давлат мактабгача таълим муассасаларининг ҳам сифатини оширишга ҳаракат қиламиз», деб фикр билдирди у.

«Биз тез орада 5-6 ёшли болани МТМга жалб этиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурини қабул қилмоқдамиз. Бундан буён, тўлиқ кун давомида, яъни 9 соат атрофида ишлаб турган МТМда қисқа муддатли тарифлар пайдо бўлади. Бу нима дегани? Авваламбор, бола учун қизиқарли ва мароқли таълим шароитини ярата олиш билан бирга, унинг 4 соат вақтини мазмунли ўтишини таъминлаймиз. Мақсад битта - мактаб ёшига яқинлашиб қолган болаларни катта таълимга тайёрлаш. Энди боғча болаларни сақлаб туриш шохобчаси эмас, балки унга таълим бериш маскани эканини унутмайлик. Айрим ёш ота-оналар ҳалигача талаба ёки тушгача ўз иши билан банд бўлади. Қолаверса, баъзи ота-оналар фарзандининг уйда парваришланишига одатланиб қолган, бизнинг мақсад эса уларнинг ҳам талабини қондириб, боланинг ижтимоий ҳаётда фаол бўлишига эришишдир. Шунингдек, қисқа муддатли тарифдан фойдаланувчи ота-оналар чўнтакбоп тўлов эвазига МТМ хизматидан фойдаланиши мумкин», дейди вазир ўринбосари Собитхон Турғунов.

Kun.uz мухбирининг «МТМда шу кунгача мавжуд бўлиб келган пул йиғимларига, ходимларнинг ҳашарларга жалб этилишига қандай муносабат билдирасиз», деган саволига вазир ўринбосари Гулчеҳра Йўлдошева жавоб берди:

«Албатта, янги вазирлик ташкил қилинган пайтдаги биринчи вазифамиз - ҳақиқий аҳволни таҳлил қилиш ҳамда келгуси режаларни тузиб олишдан иборат. Пул йиғим масалалари юзасидан ота-оналарнинг ҳам биз билан ҳамкорлик қилишини, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаган ҳолда иш тутишини сўраймиз. МТМда тарбиячи ва энагаларнинг ҳашар ҳамда ободонлаштириш ишларига жалб этиш масаласига келсак, ўйлайманки, бундай муаммолар энди камаяди», деди у.

Вазирлик раҳбарияти келгусида 3 ёшдан кичик болалар қисқа муддатли тарифдаги МТМ хизматидан фойдаланиши мумкинлигини, шунингдек, ёш чегараси ўзгариши мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Эслатиб ўтамиз, айни пайтда МТМга тарбияланувчилар 3-6 ёшда қабул қилинади.

Мавзуга оид