Жаҳон | 12:20 / 24.10.2017
7028
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Мьянмага қарши санкциялар қўлламоқчи

Фото: Reuters

АҚШ Мьянма ҳукуматига Ракхайн штатидаги вазият туфайли инсон ҳуқуқлари бузилгани учун санкциялар қўллаш имкониятларини кўриб чиқмоқда, дея маълум қилишди мамлакат Давлат департаментидан.

«Биз АҚШ қонунчилигига мувофиқ бўлган жавобгарликка тортиш механизмлари, жумладан «Глобал Магнитский» аниқ йўналтирилган санкциялар қонунини ўрганяпмиз», - дейилади идора баёнотида.

Давлат департаментидан эслатишларича, АҚШ Мьянма билан ҳарбий-техник ҳамкорлик дастурини тўхтатиб қўйган.

«Мьянма ҳукумати, жумладан, унинг қуролли кучлари тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриши; эҳтиёжи бор жамоаларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш бўйича мажбуриятларни бажариши; Ракхайн штатидан қочган ёки бошқа жойга мажбурий кўчирилганларни хавфсиз ҳамда ихтиёрий равишда қайтаришга кўмаклашиши; ҳамда роҳингяларга нисбатан тизимли камситишнинг асосий сабабларини бартараф этиши лозим... Биз бу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», - дея таъкидлашган Давлат департаментидан.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йили Конгресс томонидан қабул қилинган «Глобал Магнитский» қонуни АҚШ ижро ҳокимиятига инсон ҳуқуқларининг бузилишига алоқадор бўлган хорижий шахсларга қарши санкциялар киритиш имконини беради. 

Мавзуга оид