Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 октябрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари (академиклари)ни танлов асосида саралаш ва тасдиқлаш тартиби ҳақидаги Низом тасдиқланди.
Қайд этилишича, қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари фаолиятини янада такомиллаштириш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2016 йил 29 декабрдаги ПФ-4907-сон Фармонини ижро этиш, шунингдек, мамлакат илм-фани ривожини фаоллаштириш, халқаро даражадаги илмий натижаларга эришиш, фан ва технологияларнинг устувор йўналишлари бўйича етакчи илмий мактабларни қўллаб-қувватлаш, илмий тадқиқотларда ворисийликни таъминлаш, олимлар фаолиятини рағбатлантириш ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари институтини мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари (академиклари)ни танлов асосида саралаш ва тасдиқлаш тартиби ҳақидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси икки ой муддатда зарур ташкилий ишларни ўтказади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари (академиклари)ни танлов асосида саралаш ва тасдиқлаш тартиби ҳақидаги Низом талабларига қатъий риоя қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолиги (академиклиги)га номзодларнинг танлов асосида сараланиши ва тасдиқланишини амалга оширади.
Белгилаб қўйилишича, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолиги (академиклиги)га номзодларни танлов асосида саралашни ўтказиш муддатлари ва санаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президиуми томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда, лекин кўпи билан икки йилда бир маротаба белгиланади.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.Йўлдошев зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юкланди.
Низомга кўра, фанлар академияси ҳақиқий аъзолари (академиклари) қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадилар.
Фанлар академияси ҳақиқий аъзолиги (академиклиги)га танлов ўтказиш учун ўринлар биринчи навбатда республика учун янги ва истиқболли, халқаро даражада тан олинган илмий мактаблари шакллантирилган илмий йўналишларга ажратилади.














