Жаҳон | 08:40 / 27.10.2017
8380
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонликларга Россияда қирғиз ҳайдовчилик гувоҳномалари билан фаолият юритиш тақиқланмоқчи

Россия давлат думасининг ЛДПРдан вице-спикери Игорь Лебедев 27 октябрда Қирғизистон фуқароларига Россия ҳудудида автомобиль ташишлари соҳасида қирғиз ҳайдовчилик гувоҳномалари билан ишлашни тақиқловчи тузатишни кўриб чиқиш учун киритишини айтди.

Июлда Россия президенти Владимир Путин қирғизистонликларга Россия ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга бўлмаган ҳолда транспорт бошқаруви билан боғлиқ меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсат берувчи қонунни имзолаганди.

"Ўшанда сиёсий сабабларгина туфайли шундай қилинган, чунки Қирғизистонда рус тили иккинчи миллий тил ҳисобланади. Бироқ биз ҳозир қирғизлар Қирғизистоннинг Россияга қарши инқилобини миллий байрамга айлантиришганини кўрмоқдамиз. Биз буни давлатимизга нисбатан нодўстона қадам ва бу қонунни қабул қилишда кўзда тутилган сиёсий мотивлар йўққа чиққан, деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли ушбу тузатишни олиб ташлаш керак, қирғизлар имтиҳон топшириб, Россия ҳайдовчилик гувоҳномасини олсинлар", деб айтган Лебедев.

Унинг таъкидлашича, у янги тузатмани фракция бўйича ҳамкасби Ярослав Нилов билан  кўриб чиқиш учун давлат думасига киритади. 

26 октябрда Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев 7 ноябрь – Октябрь инқилоби кунини Аждодлар тарихи ва хотираси кунига қайта номлашга қарор қилди. Тегишли фармонда таъкидланишича, бу қарор "1916 йилги фожиали ҳодисалар ва миллий-озодлик инқилоби, 1917 йилги Февраль ва Октябрь инқилоблари, собиқ иттифоқ давридаги мерос, 20-асрдаги сиёсий таъқибларга холис тарихий баҳо бериш ва аждодлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш" мақсадида қабул қилинган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид