«Ироққа коалиция эмас, Эрон ёрдам берди»
Шиаларнинг «Бадр» номли ҳарбийлашган гуруҳлари қўмондони Ҳади ал-Амирий Бағдодда ўтган конференция вақтида Ироқда ИШИДга қарши урушда АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция эмас, Эрон ёрдам бергани ҳақида гапирди. Бу ҳақда курдларнинг «Рудау» телеканали хабар тарқатди.
У АҚШни «совуқ уруш» йилларидаги сиёсати орқали Афғонистонда ва Яқин Шарқда экстремизм урчишига сабаб бўлгани учун айблаган.
Қўмондон АҚШ ҳарбийлари Яқин Шарқда бўлиши террористик таҳдиднинг ўсишига сабаб бўлишини таъкидлаган.
Бундан аввалроқ АҚШ Давлат котиби Рекс Тиллерсон «ИШИД мағлуб этилгани» муносабати билан Ироқ ҳудудидан барча хорижий ҳарбийлар, шу жумладан, эронликлар чиқиб кетиши кераклиги ҳақида айтиб ўтганди.
Бунга жавобан Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободийнинг маъмурияти Ироқ ички ишига хорижликларнинг аралашувига қаршилик ифодаланган баёнотни эълон қилди.