Америка ва Буюк Британия олий таълим муассасалари (ОТМ) анъанавий тарзда барча университетлар рейтингларини бошқариб келади. Бу икки мамлакатдаги таълим тизими нимаси билан бошқалардан ажралиб туради? Forbes шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Аксарият АҚШ ёки Буюк Британияда таълим олишни хоҳлайди ва бу тўлақонли асосга эга: жаҳон университетлари рейтингида топ-10'нинг тўрт олий таълим муассасаси Британияда, бештаси - Штатларда. Умумий қилиб айтадиган бўлсак, АҚШ нафақат асосий предметлар, балки фикрлаш ва мантиқ мослашувчанлигига  йўналтирилган гуманитар фанларни ҳам қамраб олувчи нисбатан кенг таълим беради. Буюк Британия олий таълим даргоҳлари эса тор ихтисослашган, "чуқур" таълим беради - барча фанлар у ёки бу даражада асосий мутахассисликка боғлиқ бўлади. Университетларга киришнинг ўзига хос жиҳатларидан бири ҳам шундадир - агар Штатларда таълим жараёнининг иккинчи йили охирида мутахассисликни танлаш мумкин бўлса, Британия ОТМларида бу киришнинг ўзидаёқ ҳал қилинади.

 

Мутахассисликлар

Буюк Британия ОТМлари табиий фанлар соҳасида, айниқса кимёвий муҳандислик, тиббий кимё, биокимё, шунингдек санъат ва дизайн соҳасидаги таълимда етакчилик қилади. Агар сиз молия соҳасида таълим олишни ва ўз бизнесингизни юритишни истасангиз, энг аввало Америка ОТМларига диққатингизни қаратинг. Етаки таълим даргоҳлари салоҳиятли сармоячилар, ишбилармонлар, жаҳон компаниялари вакиллари билан учрашувлар ташкиллаштиради. Дарвоқе, битирувчиларнинг ишга жойлашишига доир жаҳон рейтинги - QS Graduate Employability Ranking 2017'да АҚШ ОТМлари етакчилик қилади. Рейтинг беш асосий жиҳатларга кўра тузилган: иш берувчиларнинг нуфузи, иш берувчи компаниялар билан ҳамкорлик, компания ва университетнинг ўзаро ҳамкорлиги, битирувчиларнинг ишга жойлашиш даражаси ва муваффақиятга эришиши. Британия ОТМлари ҳам рейтингнинг етакчи ўринларини эгаллаган, бироқ энг яхшилар ўнлигига фақат Оксфорд ва Кембриж университетлари киради.

Фото: Getty Images

Баҳолаш тизимлари

АҚШда билимлар ўқиш жараёни давомидаги уйга берилган вазифалар, имтиҳонлар ва курс ишлари даражасига қараб баҳоланади, яъни курс охирида имтиҳонда олган баҳоингиз - бу сизнинг умумий баҳоингизнинг таркибий қисми, унинг "вазни" кўпинча якуний баллнинг 0,5 фоизи ёки ундан камроқни ташкил қилади. Буюк Британия учун эса, аксинча, классик сессиялар хос: ҳар йилнинг охирида талабалар барча ўтилган мавзулар бўйича имтиҳон топширишади, аксарият ҳолларда курс маърузаларга асосланган, имтиҳондаги баҳо эса якуний бўлади. Буюк Британияда 10  баллик баҳолаш тизими жорий этилган, аттестациянинг энг паст даражаси - 50 балл. АҚШда баҳолар тизими 5 балли ва у ҳарфлар орқали акс эттирилади (A'дан F'гача). Бироқ энг муҳим кўрсаткич — рақамлар орқали ифодаланувчи ўртача GPA (Grade Point Average) балл.