Қулай фурсатда берилган тўғри савол сизни ўзгартириши, тинчлантириши ёки таянч бўлиши мумкин. Ҳатто дарҳол жавоб топа олмасангиз ҳам, саволнинг ўзи ҳаётга бошқача қарашга туртки бериши мумкин. "Лайфхакер" ҳаётингизни ўзгартириши мумкин бўлган 10 савол билан бўлишди.
1. Вақтимни кимлар билан ўтказяпман?
Агар бола ҳеч нимага интилмайдиган тенгдошлари билан дўстлашса, у ҳам ҳеч нимага эриша олмайди, деб ҳисоблаймиз. Бироқ нима учундир бунинг катталарга таъсири ҳақида ўйламаймиз. Сизнинг дўстларингиз тишини тишига қўйиб, ўзига ёқмайдиган ишда ишласа ёки носоғлом ҳаёт тарзини тутса, ҳойнаҳой сиз ҳам шунга ўхшаш қарорлар қабул қила бошлайсиз. Дўстларингиз ва ҳамкасбларингиз ҳақида ўйлаб кўринг: улар сизни қўллаб-қувватлаб, илҳом бағишлайдими ёки аксинча, орқага тортишадими?
Бу сиз ўқиётган, кўраётган, ўйлаётган нарсаларингизга ҳам тааллуқли. Вақт ўтган сайин бизнинг ҳаётимиз атрофимиздаги муҳитга монанд бўлиб боради, шунинг учун унга эътиборли бўлинг.

2. Бунга таъсир ўтказа оламанми?
Эпиктетнинг сўзларига кўра, файласуфнинг асосий вазифаси — нимани назорат қила олиш мумкин, нимани эса йўқ - шуни фарқлай олиш керак.
Одатда кўп вақтимизни бизга боғлиқ бўлмаган нарсаларга сарф қиламиз. Биз ўз хатти-ҳаракатларимиз, фикрларимиз, ҳиссиётларимизни назорат қила оламиз. Бошқа одамлар, об-ҳаво, ташқи ҳодисаларни эса - йўқ. Бироқ одамларга, об-ҳавога ва ташқи ҳодисаларга муносабатни назорат қилиш мумкин. Буни фарқлашни ўргансангиз, назорат сизнинг ҳукмингизда эмаслигидан кўнглингиз чўкмайди.
3. Мукаммал куним қандай ўтиши керак?
Буни билмасдан, графикингизни қулай қилиб режалаштира олмайсиз. Ҳаётингиздаги энг завқли кунларингизни эсланг. Нималар қилгансиз? Ишингиз, шахсий ҳаётингиз ва уйингиз имкон қадар шундай кунлар кўпроқ бўлишига хизмат қилиши керак.
Ўзингизни бахтли ҳис қилиш имконини берувчи, бошқача қиёфага киришга мажбур қилмайдиган турмуш тарзига риоя қилинг.














