Боку-Тбилиси-Қарс (БТҚ) темир йўли орқали Туркия жанубидаги Мерсин портига Қозоғистонда етиштирилган ғалла ортилган илк темирйўл состави жўнатилди, деб ёзади Anadolu агентлиги

Алати портида бўлиб ўтган БТҚ йўлининг очилиш маросимида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Қозоғистон бош вазири Бақтжон Сағинтаев ва Гуржистон бош вазири Георгий Квирикашвили иштирок этишди.

«Лойиҳа Озарбойжон, Гуржистон ва Туркиянинг хоҳиш-иродалари туфайли амалга ошди», деди Озарбойжон президенти Илҳом Алиев очилиш маросимида.

«Уч мамлакат қатъий ирода ва ишонч билан олдинга қўйилган мақсадга эришиш мумкинлигини исботлашди.  Озарбойжон, Гуржистон ва Туркия кейинчалик ҳам баҳамжиҳат, бир-бирини қўллаган ҳолда ҳаракат қилади. Бу лойиҳа давлатларимизнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиради», — деган И.Алиев.

«БТҚ — Европа ва Осиё ўртасидаги энг қисқа йўл. Уни амалга ошириш бўйича битим Гуржистонда имзоланди, тамал тоши Туркияда қўйилди, топшириш маросими, мана, Озарбойжонда ўтказилмоқда», — деди Озарбойжон президенти.

Фото: Anadolu

«Озарбойжон, Гуржистон ва Туркия минтақа ва бутун жаҳон учун муҳим аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда давом этади. Биз «Жанубий газ йўлаги» бўлмиш Боку-Тбилиси Жайхон каби нефтгаз лойиҳаларини амалга оширдик. «Шоҳ Денгиз» конида ишлар 98 фоизга, Жанубий Кавказ қувур ўтказгичида 99 фоизга, Трансанатолия газ қувури (TANAP) да 84 фоизга, Трнасадриатика газ қувури (TAP) да 60 фоизга бажарилган», — деди Алиев.

Тантанали қисм тугагач, давлат ва ҳукумат раҳбарлари йўловчи поездида портдан Алати станциясигача саёҳат қилишган.

Янги темир йўл Туркия, Озарбойжон ва Гуржистон, шунингдек, тарихий «Буюк ипак йўли»да жойлашган бошқа давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Боку-Тбилиси-Қарс темир йўлининг умумий узунлиги 838 километрни ташкил этиб, унинг 76 километри Туркия ҳудудида, 259 километри Гуржистон ва 503 километри Озарбойжон ҳудудидан ўтади.