284 млрд сўмлик асбоб-ускуна сотган ташкилот қарздорлик ботқоғида? Айбдор ким?

Таҳририятимизга “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси муассислигида ташкил этилган “Chigil Neft Gaz” МЧЖ ишчи ходимлари номидан мурожаат келиб тушди. Унда мазкур фирма томонидан 300 дан ортиқ ишчи хизматчиларга 9-10 ойдан бери ойлик иш ҳақлари берилмай келаётгани ҳақида маълум қилинганди.

KUN.UZ мухбирлари мазкур масалани ўрганиш мақсадида 24 октябрь куни Қарши шаҳрига хизмат сафари уюштирди.

Ўрганишларда аниқланишича, 2008 йил май ойида ташкил этилган мазкур ташкилот даставвал “UzGazOil” МЧЖ таркибида геология-қидирув бошқармаси сифатида фаолият юритиб, Қашқадарё вилояти ҳудудида йирик конларда 2010 йилга қадар белгиланган вазифаларни тўлиқ бажарган ва 10-15 га яқин қудуқ қазиб, разведка ишларини бажарган. Аммо, кейинроқ, моддий-техник муаммолар пайдо бўлгани, аниқроғи “ZeroMax” компаниясининг касодга учрагани сабабли ташкилотни молиялаштириш тўхтаб қолган. Бу эса, ўша вақтларда 1000 дан ортиқ ишчи-ходим ишлаган фирма фаолиятига салбий таъсир кўрсатмай қолмади, албатта.

Асосий вазифаси бурғилаш бўлган ташкилот харажатларни камайтириш мақсадида ишчиларни қисқартира бошлаб, “Ўзбекнефтгаз” МХКнинг 2016 йил 14 июнь куни қабул қилган қарорига асосан “Chigil Neft Gaz” МЧЖга айлантирилган фирмада барча иш ўринлари сақлаб қолинган.

Шундан сўнг, молиялаштириш манбаидан маҳрум бўлган ташкилот ўзида мавжуд бўлган бурғилаш насослари ва шунга ўхшаш техника воситаларини “Ўзбурнефтгаз”га қарашли “Қўқонпармалаш”, “Сурхонпармалаш”, “Олотнефтгаз” ва “Қоровулбозорнефтгаз” каби ташкилотларга ижарага бериш орқали ойига 150-160 млн сўм даромадга эга бўлиб турган. Бу эса ойлик маошга етарли бўлмагани сабабли иш ҳақларини беришда белгиланган муддатга амал қилинмаган.

Ойлик маошларда узилишлар бўла бошлагани туфайли ишчи-ходимлар орасида норозилик юзага келиб, улар Президент виртуал қабулхонасига 2016 йил октябрь ойида мурожаат қилган. Ойлик муаммосини ҳал этиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” МХК раҳбарияти “Шўртаннефтгаз” МЧЖ ҳисобидан молиявий ёрдам сифатида пул ажратиб берган. Бунинг ҳисобидан 2016 йил июнь-июль ойи бўйича иш ҳақларидаги қарздорлик ёпилган. Кейинчалик бу муаммо яна кун тартибига чиқа бошлаган.