Бошқа туманлардан фарқли ўлароқ Жомбойдаги кўп қаватли уйларда табиий газ муаммоси деярли йўқ. Аҳоли қишнинг совуқ кунларидан хавотирда эмас. Лекин уларни бир неча йилдан буён қийнаб келаётган асосий муаммо —  ишдан чиққан канализация тармоқлари.

Ертўласидаги барча эшикларию туйнуклари бетон билан ёпиб ташланган, умуман ҳаво кирмайдиган кўп қаватли уйни кўрганмисиз? Гулистон маҳалласида жойлашган «Жомбой Лолазор Коммунал сервис» ширкатига қарашли икки қаватли 5-уйнинг ертўласига туша олмадик. Ертўлани қандай кўрсак бўлади, дея шу уйда яшовчилардан сўраганимизда, ҳаммаёқ бетон билан қопланганини билдиришди.

Гап шундаки, тумандаги кўп қаватли уйларнинг аксарияти 1970 йилларда қурилган бўлиб, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ўтган вақт давомида эскириб кетган. Аввалига канализация тармоқларида кузатилган носозлик ҳашар йўли билан бартараф этиб турилган бўлса, кейинчалик айрим кўп қаватли уйларда чириб кетган қувурларни таъмирлашнинг имкони бўлмай қолган. Биз юқорида мисол келтирган 5-уй ертўласининг ёпиб ташланиши албатта, муҳандислик қоидаларига зид. Шусиз ҳам нам таъсирида деворларнинг ярмигача зах тортган бу уй ертўласининг тамоман ёпиб ташланиши оқибатида ҳадемай бутун бино фойдаланишга яроқсиз бўлиши мумкин.

—  Ертўламиздаги қувурлар эскириб, чириб кетган, —  дейди шу уйда яшовчи З.Мустафоева. —  Яна ҳашар уюштириб, уларни янгилаган тақдирда ҳам ташқи канализация тармоғида муаммо борлиги учун оқова барибир тўпланиб қолади ва уйлардан тошиб чиқади. Носоз қувурлардан оқова сув тушавериб, ертўламиз чидаб бўлмас ҳолатга келгач, барча туйнукларни ёпиб ташлашга мажбур бўлдик-да.

Тумандаги бошқа бир қатор кўп қаватли уйларда яшовчилар ҳам айнан канализация муаммосидан шикоят қилишди. Юқоридаги ширкат хизмат кўрсатадиган 8-уй ёнида канализация қувури ёрилиб, майдонни қўланса оқова сув қоплаганига гувоҳ бўлган бўлсак, «Ишончли хизмат» уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли тўрт қаватли 4-уйда истиқомат қилувчилар канализациянинг ҳар замонда «қайнаб чиқиши»дан безиб қолганини билдиришди.

Умуман, гап фақат канализация тармоқларининг эскириб кетганида ҳам эмас. Негаки, вилоятимизда бир ярим мингдан зиёд 1991 йилгача қурилган кўп қаватли уйлар бўлиб, уларнинг аксариятида ҳали канализация тармоқлари янгилангани йўқ. Муҳандислик-коммуникация тармоқларидан тўғри фойдаланиш, ўз вақтида таъмирлаш ишларини ўтказиш натижасида бошқа ҳудудларда муаммо бу даражага етган эмас.

Жомбойда эса бугунги ҳолатни келтириб чиқарган омиллар талайгина. Айтайлик, «Ишончли хизмат» уй-жой мулкдорлари ширкати ҳудудида ўз вақтида канализация тармоғи 5 та кўп қаватли уйга мослаб қурилган. Аммо кейинчалик кўп қаватли уйлар сони ҳам, умумий овқатланиш шохобчаси-ю бошқа бино иншоотлари қурилгани ҳолда канализация тизими ўша-ўша ҳолича қолаверган. Бу эса қувурларнинг вақти-вақти билан тошиб кетишига сабаб бўлган.