Microsoft ҳаммуассисларидан бири Билл Гейтс йилига 50 китоб мутолаа қилади. Миллиардер Марк Кубан кунига уч соатдан китоб ўқийди. Facebook асосчиси Марк Цукерберг ҳар йили 24 китоб ўқиш қарори ҳақида маълум қилган, сармоячи Уоррен Баффет эса 80 фоиз вақтини китоб ўқишга сарфлайди. BookAuthority тавсиялар сервиси Гейтс, Брэнсон, Баффет, Маск, Безос, Цукерберг, Кук каби кўплаб етакчи ишбилармонларнинг севимли китоблари ҳақида маълумот берди. 

Microsoft асосчиларидан бири Билл Гейтс тавсияси

Фото: Getty Images

1. "Пойабзал сотувчиси. NIKE компаниясининг тарихи унинг асосчиси тилидан", Фил Найт

Бу китоб бир зумда New York Times бестселлерлари рўйхатидан жой олди. Китоб журналистлар билан мулоқотда уятчанлиги билан машҳур Nike компанияси асосчисининг ҳаёти, шу билан бирга, қандай қилиб унинг компанияси оддий стартапдан энг инқилобий ва сердаромад брендлардан бирига айлангани ҳақида маълумот олишдек ноёб имконни беради. 

2. "Стресс-тест: Молиявий инқирозга оид хотиралар", Тимоти Гайтнер

Дастлаб Нью-Йорк Федерал захира банки президенти, кейин эса Барак Обама маъмуриятида молия вазири лавозимида фаолият юритган Гайтнер ўқувчилар олдида Буюк депрессия пайтларидан бери энг ёмон молиявий инқирознинг "саҳна ортидаги" воқеаларини очиб беради. Шу билан бирга молиявий тизимни тиклаш ва иқтисодиёт таназзулига йўл қўймаслик учун ўзи қабул қилишга мажбур бўлган ёқимсиз қарорларни изоҳлайди.

3. "Кучли етакчи ҳақида афсона: Замонавий дунёда сиёсий етакчилик", Арчи Браун

Етакчи сиёсий тарихчилардан бирининг китоби - парламент демократияси пайдо бўлган даврдан бошлаб то Обама даврига қадар бутун дунё сиёсий етакчилик институтининг ҳақиқий тадқиқоти.

Жефф Безос тавсияси, Amazon.com интернет-компанияси асосчиси ва раҳбари

Фото: Getty Images

1. "Инноватор дилеммаси: Қандай қилиб янги технологиялар туфайли кучли компаниялар барбод бўлмоқда", Клейтон М. Кристенсен

Amazon таҳририят жамоаси "Инноватор дилеммаси" китобини "Муваффақият ва етакчилик ҳақида ҳеч бўлмаганда бир марта ўқиш керак бўлган 100 китоб" рўйхатига киритган. Стив Жобсдан то Малкольм Гладуэллгача ўз нутқларида Кристенсеннинг сўзларини кўп  марта мисол сифатида келтиришган.