«Трибуна» Испания чемпионатининг навбатдаги тури якунларини сарҳисоб қилади.
Роналду ва Бензема Мадрид дербисига куч сақламоқдами?

«Реал» бу турда «Лас Пальмас»ни осонлик билан мағлуб этди. Аммо бу ўйинда ҳам «Сантьяго Бернабеу»да йиғилганлар мадридликлар жамоаси ҳужумчиларининг голларини кўришмади. Бензема икки марта яққол голли вазиятни ўз одати бўйича кўкка совуриб, ҳуштакбозликларни қабул қилиб олди, Роналду эса яна бир неча марта рақиб дарвозаси тўсини мустаҳкамлигини текшириб кўрди, аммо у якунда ўйин қайдномасига ўз номини ёздириб қўйди. У учинчи голда Искога ассистентлик қилди. Бу паси орқали Роналду жамоа тарихидаги энг яхши ассистентлар рўйхатида Рауль Гонсалесни ортда қолдирди (84та пас). Аммо юлдузли дуэтнинг «оч ўйинлари» давом этади - Роналду ва Бензема жуфтлиги 11 турдан кейин атиги 2та гол урган. Бир ҳафтадан кейин «Атлетико»га қарши Мадрид дербиси. Балки, футболчилар ўша ўйинда «очлик»ни тўхтатишар?
Бу ўйинда мезбонларнинг 20 ёшли ҳимоячиси Хесус Вальхео яхши таассурот қолдирди.

Рафаэль Вараннинг жароҳат олиши ушбу футболчига ўзини кўрсатишга имкон берганди. Зидан Ашрафни ўйин қайдномасига киритмади ва Вальхео асосий таркибда, Испания чемпионатида дебют қилди. Унинг «Реал» таркибидаги расмий дебюти Испания Кубогида, «Фуэнлабрада»га қарши ўйинда рўй берган, ўшанда ҳам у ўзини яхши томондан кўрсатганди. Ла Лигадаги дебют ўзига хос бўлди, 35 йил ичида илк марта клуб академияси тарбияланувчиси бўлмаган ёш футболчи дебют қилди. Вальхео 2 йил олдин «Сарагоса»дан сотиб олинганди, у биринчи мавсумни ижара асосида ўтказган, ўтган мавсумда эса «Айнтрахт» клубида тўп сурган. Бундай ҳолат охирги марта 1982-83 йилги мавсумда Пако Бонета билан рўй берган, бу футболчи Мадридга «Эльче»дан келганди.
Мессида 600

Турнинг марказий учрашуви шанба оқшомида, «Камп Ноу»да «Барселона» ва «Севилья» ўртасида кечди. Каталонияликлар етакчиси Лионель Месси учун бу юбилей учрашув эди, у 600-марта ушбу жамоа сафида майдонга тушди. У бу ўйинларда 523та гол урган ва 30та совринни қўлга киритган, анча вақтгача ҳеч ким такрорлай олмайдиган рекордларни ўрнатган.





















