Бугун ҳар бир хонадонда турли хилдаги маиший электр мосламаларини учратиш мумкин. Бу ўз навбатида энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни тақозо этади. Чунки ҳар қандай мамлакатнинг барқарор ривожланишида энергия ресурслари ҳал қилувчи омилга эга. Яъни бирор турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш учун маълум миқдорда энергия сарф қилинади, шу билан бирга, ҳар бирлик миқдордаги маҳсулотнинг таннархи ҳам бевосита иссиқлик ва электр энергияси истеъмолига боғлиқ бўлади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 апрелдаги “Республикада сотиладиган маиший электр приборларини, янгидан қуриладиган бинолар ва иншоотларни энергетика жиҳатидан мажбурий маркировкалаш ва сертификатлаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан четдан олиб кирилаётган ва сотилаётган маиший электр приборларининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида янгидан қурилаётган бинолар ва иншоотларнинг энергия самарадорлигини таъминлаш мақсадида 2016 йил 1 январдан эътиборан амалда қўлланиладиган бир қанча талаблар белгиланган. 

Бу ҳақда тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан ташқи иқтисодий  фаолият билан шуғулланувчи субъектлар томонидан қарор талабларига зид маиший электр приборларининг импорти кузатилмоқда, деб хабар берди Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати.

Мисол учун, “Ko‘kdumaloq-gaz” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона масъулларининг эътиборсизликлари сабаб, корхона эҳтиёжи учун четдан 5 партиядаги қиймати 631 АҚШ долларилик, вазни 15,5 килограмм бўлган 103 дона турли хилдаги энергия самарадорлиги паст (юқори электр энергиясини сарфлайдиган) чўғланма лампалар импорт асосида олиб келинган. Мазкур лампалар юқорида қайд этилган қарор талабларига зид бўлганлиги сабабли белгиланган тартибда йўқ қилиниши таъминланди.

Шуни таъкидлаш лозимки, техник ҳужжатларида, маркировкасида ва этикеткаларида энергия самарадорлигининг тегишли класси тўғрисидаги ахборотлар мажбурий мавжуд бўлиши ҳақидаги талаб, иловага мувофиқ, 10 турдаги товарлар рўйхати бўйича четдан олиб кирилаётган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотилаётган маиший электр приборларига татбиқ этилади.

Шунингдек, маиший электр приборларининг энергия самарадорлиги классини аниқлаш учун “А”, “В”, “С”, “D”, “E”, “F”, “G” белгилари жорий этилган. Бунда:

“А” класси энергия самарадорлиги энг юқори маиший электр приборларини белгилаш учун ва тегишли равишда “G” класси (тавсифларини ҳисобга олган ҳолда) бир тоифага киритилган маиший электр приборлари жумласидаги энергия самарадорлиги энг кам бўлган приборларни белгилаш учун қўлланилади;