ЕТТБ Ўзбекистонда янги фармацевтик завод қурилишига 11 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ ажратди
"MUTABAR MEDICAL STANDART" компанияси Ўзбекистонда халқаро стандартларига жавоб берадиган янги замонавий фармацевтик завод қурилишини бошлайди. Мазкур лойиҳа қурилиши учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки 11 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратади.
9 ноябрь куни Тошкентдаги Wyndham меҳмонхонасида "MUTABAR MEDICAL STANDART" фармацевтик компанияси ҳамда ЕТТБ ўртасида мазкур ҳамкорлик бўйича шартнома имзоланди. Янги корхонада 50дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Янги заводда пластик ампулаларда замонавий иньекцион дори воситалари ишлаб чиқарилади. Лойиҳага кўра, импорт ўрнини босувчи 20дан ортиқ дори-дармонларни ишлаб чиқариш учун компания 1 миллион АҚШ долларида маблағ ажратишни кўзда тутмоқда.
"Бугун "MUTABAR MEDICAL STANDART" ҳамда ЕТТБ ўртасида кредит шартномасига қўл қўйилди. Бу маблағларнинг барчаси Германия, АҚШ ва Хитойдан замонавий асбоб-ускуналарни олиб келишга сарфланади. Янги заводда ишлаб чиқариладиган дори воситалари хориждан келтириладиган препаратларнинг ўрни босиш билан бирга, нархи арзонроқ, сифатлироқ ҳамда ишончли бўлади. Кредит шартномаси 7 йилга мўлжалланган бўлиб, йилига 230 миллион дона ампула ишлаб чиқарилади", дея қайд этди "MUTABAR MEDICAL STANDART" МЧЖ директори Даврон Абдуллаев.
Мазкур технология ҳар томонлама афзал бўлиб, пластик ампулалар тиббиёт ходимлари учун хавфсиз ва қулай восита саналади. Сабаби, одатда, шишали ампулаларни очиш вақтида кўпчилик қўлини кесиб олиши мумкин. Шунингдек, дори ичига кўзга кўринмайдиган майда шиша зарралари тушиши мумкин. Пластик ампулалар эса бу хавфларни олдини олишга ёрдам беради.
Мазкур маҳсулот экспорт салоҳиятини ҳам оширишга хизмат қилади. Шишали ампулаларга нисбатан пластик ўрамдаги дори воситаларининг оғирлиги камроқ бўлиб, транспортда ташиш вақтида синиб қолмайди.
Мавзуга оид
07:53 / 30.08.2024
ЕТТБ Ўзбекистонда қайта тикланадиган водород ишлаб чиқариш учун маблағ ажратади
18:48 / 24.05.2024
ЕТТБ Марказий Осиё бўлимига янги директор тайинланди
15:03 / 15.05.2024
ЕТТБ 2024 йилда Россиянинг иқтисодий ўсиши прогнозини 2,5 фоизгача яхшилади
22:40 / 02.05.2024