Ислом динида ҳар бир иш Қуръони карим ва суннати набавия таълимоти асосида амалга оширилади. Шунга биноан, Ислом динининг жамиятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг ҳуқуқлари масаласига муносабати ҳам шу икки манбада ўз ифодасини топган. Ижтимоий ҳимоя деганда аввало, аҳоли орасида иқтисодий жиҳатдан қийналган, ўзининг эҳтиёжини қоплаш имкониятига эга бўлмаган фуқароларга моддий ва маънавий кўмак бериш тушунилади. Шу маънода, Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ижтимоий ҳимояга нақадар катта эътибор қаратилганини кўришимиз мумкин. Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг расмий сайтида эълон қилинган мақолада шу ҳақда сўз юритилади.

Қуръони каримда “фақирлик” ва “фақирлар” лафзи моддий маънода 13 марта такрорланган. Буларнинг баъзиси барчанинг Аллоҳ таолога фақир (муҳтож) эканини баён қилса, баъзилари шайтоннинг одамларга фақирликни ваъда қилишини баён қилади, бошқалари эса фақирларга молнинг маълум бўлагидан садақа беришга буюради. “Бойлик” ва “бойлар” лафзи 26 марта келган. Бундан 21 таси Аллоҳнинг беҳожат зот эканини таъкидласа, 5 таси инсонларнинг сифати маъносида ворид бўлган. “Мискин” лафзи кўплик ва бирлик сийғаларида 33 марта такрорланган. “Соил” (тиламчи) лафзи 4 марта келган ва унинг барчасида уларга садақа беришга буюрилган. 

Иқтисодий жиҳатдан “заифлар” лафзи 4 марта зикр қилинган ва унда заифлардан муайян мажбуриятларни соқит қилиш ва улардаги заифлик сабабларини бартараф этиш ҳақида гапирилган. Иқтисодий жиҳатдан “маҳрум” лафзи 2 марта келган ва иккисида ҳам бойларнинг молида уларнинг ҳам ҳақи борлиги таъкидланган.

Барча турдаги муҳтожларнинг насибаси бор бўлган “закот” лафзи 32 марта такрорланган. Гоҳида закот лафзининг маънодоши, гоҳида эса нафл садақанинг маънодоши сифатида келадиган “садақа” лафзи 16 марта келган, унинг ҳаммаси ҳам садақа беришликка ундаган ва буюрган. Муҳтожларга молиявий ёрдам кўрсатиш ўринларида келган “эҳсон” лафзи 63 марта зикр қилинган. “Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш” жумласи 70 марта ворид бўлган.

Юқоридаги рақамларни жамлаб чиқсак, Қуръони каримда ижтимоий ҳимоя мавзусида 263 та ўринда сўз юритилгани маълум бўлади.

Ҳадиси шарифда ижтимоий ҳимоя масаласига оид ҳадисларни таҳлилий ҳисоб-китоб қилиб чиқиш мушкул иш. Чунки бир томондан ҳадис китобларининг хилма-хиллиги бўлса, иккинчи томондан ривоятларнинг такрорланиши натижасида айнан ўхшаш ҳадислар ҳам такрорланиб келган. Лекин шунга қарамай, компьютер хотирасига киритилган ўн бешта ҳадис китобларини кўздан кечириб чиқиш натижасида ушбу мавзуга оид сўзлар 157 марта ворид бўлганини кўриш мумкин ва уларнинг аксарида фақирларга хайрихоҳлик қилиш тўғрисида сўз юритилади.