Ҳеч қандай ишга бориш ва келиш йўқ. Ҳеч қандай кутилмаган йиғилишлар. Ҳеч қанақа дресс-код. Масофадан ишлаш қандайдир орзудек кўриниши мумкин, токи унинг йўлида шахсий ҳаётингиз тўсиқ бўлгунга қадар. Идорада уни четлаб ўтиш осон, бироқ уйда шахсий ва ишчи вақт ўртасида чизиқ чизиш бироз мушкул бўлади. Вақтни тақсимлаш бўйича маслаҳтчи ва шу ҳақидаги китоблар муаллифи Элизабет Грейс Сондерс Harvard Business Review'да шу мавзудаги мулоҳазалари билан бўлишди.

Тасаввур қилинг, лойиҳа устида иш қизиган вақтида сизга дўстингиз қўнғироқ қилиб қолди. Ишингизни тугатишингиз кераклигини яхши тушунасиз, бироқ гаплашиб олиш мумкин бўлса ҳам, мулоқотдан воз кечиш одобдан эмас. Ёхуд кундалик режани тузишда шахсий ишларингизни нима қилишни билмай қолган дамларингизни ёдга олинг. Кун ярмида кир ювиш машинасини ишга тушириш кўп вақт олмайдигандек туюлади, бироқ бунга фақат кун охирлаганда вақт топилади. Охир-оқибат қачон банд, қачон бўш бўлишингиз тушунарсиз.

12 йил давомида бошқаларга вақтни тақсимлаш борасида тавсия бериб, масофадан ишловчи инсон сифатида мен яхшини ҳам, ёмонни ҳам, даҳшатлисини ҳам кўрдим. Менинг кузатувларимга кўра, энг ташкилий ва самарали ходимлар ўзларига ўзлари чегара белгилашади. Бу уларга ўз вазифасини муваффақиятли бажариш имконини берди.

Элизабет Грейс Сондерс масофадан ишлаш натижаларини янада самарали ва ёқимли қилишга доир бир неча тавсияси билан бўлишди.

Ишчи соатларни белгилаб қўйинг

Фото: Baku.ws

Бу ғалати эшитилиши мумкин, бироқ диққатни жамлаб ишлашни истасангиз, "уйдан ишламаяпман" деб тасаввур қилинг. Тайм-менежмент бўйича коуч бўлишимга қадар ишчи жадвалимда хаос ҳукм сурган. Компьютерда иш бошлайдиган вақтим аниқ бўлмаган, мен кўпинча кундузи учрашувларни ташкиллаштирар ёки шахсий ишларим билан шуғулланардим. Шахсий ҳаётимда аниқ вақт чекловлари бўлмагани боис ишимда ҳам шундай эди. Уйда бўлиб туриб, тез-тез почтамни текширмасам, виждоним олдида ўзимни айбдордек ҳис қилардим. Ўзимни ҳақиқий ҳордиқ чиқариш учун нолойиқдек ҳис қилардим.

Уйдан ишлаш учун "хизмат соатлари"ни аниқ белгилаб, бу вақт оралиғида нима мумкину нима мумкин эмаслигини режалаштирганимдан сўнг барчаси ўзгарди. Ўзимга ўзим савол берардим: "Идорада бўлганимда шу ишни қилган бўлармидим?" Агар жавоб инкор маъносида бўлса, буни белгиланган вақтгача ёки ундан кейин бажаришим кераклигини билардим. Уй ишлари, ҳар хил бошқа ишлар ва дўстлар билан учрашувларни ишдан ташқари соатларга кўчиришга тўғри келди. Баъзан тушлик вақтида қўнғироқларга жавоб беришим мумкин эди, албатта. Агар машинани таъмирлашдек шошилинч иш чиқиб қолса, уни ҳам кундузги пайтга белгилашим мумкин бўларди. Бироқ бу қоидадан истисно бўларди, холос. Чегараларни аниқ белгилаб, нафақат иш учун аниқ вақт белгилардим, балки ишдан ташқари вақтларда бемалол шахсий ишларим билан шуғулланардим ва бунинг учун виждоним қийналмасди.