Соғлиқни сақлаш вазири Элдор Одилов Кореянинг AUM & LEE Architects & Associates компанияси вице-президенти Ли Вон Сеок билан учрашди.
Мулоқотда янги 265 ўринли онкология марказини барпо этиш лойиҳасининг навбатдаги босқичлари муҳокама қилиниб, якунда консултантлик хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома имзоланди.
Лойиҳа доирасида марказ ходимлари учун тиббий хизмат сифати, радиология, ядро тиббиёти ва нур терапияси йўналишларида уч босқичли амалий ўқувлар ўтказилиши ҳам назарда тутилган.
AUM & LEE консорциуми лойиҳалаш, қурилишни бошқариш ва назорат қилиш, тиббий ускуналарни танлаш, марказнинг тиббий хизматлари ҳамда ахборот тизимини режалаштириш каби йўналишларда консултантлик қилади.
Мазкур лойиҳа Тошкент шаҳрида Корея Эксимбанки билан ҳамкорликда ташкил этилаётган "тиббиёт кластери"нинг муҳим объекти саналади.

















