Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига шарҳ эълон қилинди.

Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига кириш истагида бўлган абитуриентлар сони кескин ортиб бормоқда. Йилдан-йилга ўсиш ўртача 10 фоизни ташкил этиб, хусусан, 2016 йилда 663 минг, 2017 йилда 729 минг нафардан зиёд абитуриент олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган. Таҳлилларга кўра, 2018 йилда олий таълим муассасаларига 810 мингдан ортиқ абитуриентнинг ҳужжат топшириши кутилмоқда.

Абитуриентлар сонининг кескин ўсиши мос равишда аудитория назоратчилари сонининг ва тест материаллари ҳажмининг ортиб боришига ҳамда тест синовларини ўтказишга салбий таъсир кўрсатиб, қатор муаммоларни юзага келтирган. Жумладан, аудитория назоратчиларининг тест синовларини ўтказиш бўйича етарли амалий кўникмаларга эга эмаслиги ҳамда уларнинг жавобгарлик даражалари аниқ белгиланмагани, тест синовлари учун танланган бино ва аудиторияларнинг жиҳозланиши мавжуд талабларга жавоб бермаслиги, биноларнинг олий таълим муассасалари бош штабидан узоқ масофада ва тарқоқ жойлашгани, биноларнинг шахсни аниқловчи фото- ва видео қурилмалари, тест синовларида фойдаланиши ман этилган воситаларни аниқловчи замонавий техник жиҳозлар билан таъминланмаганлиги, аудиторияларда видеокузатув камераларининг мавжуд эмаслиги тест синовларини ўтказиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш ва уни назорат қилиш сифатининг тушиб кетишига олиб келган.

Бундан ташқари, тест синовларини ўтказишнинг амалда бўлган тартиби тест натижаларини қисқа муддатда ҳисоблаб чиқариш имконини бермаган.

Юқорида қайд этилган муаммо ва камчиликлар олий ўқув юртларига қабул қилиш бўйича ўтказилган тест синовларининг адолатли, холис ва шаффоф ўтказилишини етарли даражада таъминлаш имконини бермаган ва оқибатда абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналари эътирозларига сабаб бўлган.

Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул қилиш бўйича ўтказиладиган тест синовларини такомиллаштириш, унинг адолатли, холис ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Президентнинг мазкур қарори қабул қилиниши юқорида қайд этиб ўтилган муаммоларнинг ўз ечимини топиши учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.