15:05 / 17.11.2017
5835

Англия ва Уэльснинг илк географик атласи 140 минг долларга сотилди

Фото: TLE

Тарихдаги илк Англия ва Уэльс  географик атласнинг 1579 йилги ноёб нусхаси Лондондаги Bonhams кимошди савдосида рекорд нархга - 106,25 минг фунт стерлингга (деярли 140 минг долларга) сотилди. Бу ҳақида Лондон савдо уйида хабар берилди.

"Англия картографи" ҳисобланган йоркширлик тадқиқотчи Кристофер Сэкстон 1570-йилларда етти йил давомида Англия ва Уэльс бўйлаб саёҳат қилган. У томонидан тузилган хариталар 1574-1578 йиллар оралиғида чоп этилган. Бу хариталар бир йилдан кейин нашрдан чиққан атласга киритилган. 

1590 йилги нусханинг дастлабки нархи 50-70 минг фунт стерлинг (65,8-92 минг доллар)ни ташкил қилади.

Bonhams'нинг китоблар ва қўлёзмалар бўлими раҳбари Мэттью Хейлининг сўзларига кўра, биринчи бундай атлас "ҳақиқий янгилик"ка айланган. Боз устига, нашр муқовасида Англиянинг 1558-1603 йиллардаги қироличаси, Тюдорлар сулоласининг сўнгги вакили Елизавета I'нинг ноодатий портрети туширилган, қўшимча қилади Хейли.

"Атлас деярли 425 йил аввал нашрдан чиққан бўлиб, ўшандан буён баъзи аҳоли пунктлари йўқолиб кетган, бошқалари эса шаҳарларга айланган", - деди аукционерлар вакили.

Top