Самарқанд вилояти ички ишлар идоралари томонидан жиноятчиликка қарши курашишда турли тезкор чора-тадбирлар кўрилмокда. Иштихон туман ИИБ жиноят-қидирув бўлинмаси томонидан ўтказилган «Тузоқ» ва «Тун» тадбирлари давомида бир неча жиноятлар қайноқ изидан фош этилишига эришилди. Натижада, айрим ўғрилик жиноятларига гумондор шахслар қўлга олинди, деб хабар беради KUN.UZ’га вилоят ИИБ ахборот хизмати.
Жиноят иштирокчиларининг бири — С.С. Самарқанд шаҳар «Хадича Сулаймонова» МФЙ Буюк Ипак йули кўчасида кўп қаватли уйларни бирида яшаркан. 27 ёшли, ўрта-махсус маълумотига эга, ҳали уйланмаган бу шахс муқаддам ЖК 104-моддаси билан судланиб ҳам чиққан. «Авто эҳтиёт қисмлар бозори»да савдо қилади. Улардан яна бири, 24 ёшли, К.Р. ҳам Самарқанд шаҳрининг «Меҳробод» маҳалласи Бобур кўчасида яшаб, маҳалла посбони (!) бўлиб ишлар экан. Уларнинг учинчи шериги Х.Д. — 28 ёшда. У ҳам Бобур кўчасида яшайди. Оилали, бир нафар фарзанди бўлиб, автобазаларнинг бирида ҳайдовчилик қилади.
Бу кимсалар ҳозирда қилмишига иқрор бўлишдан бош тортаётган бўлишса-да, аммо улар 2017 йил 9 ноябрь куни соат тахминан 20:00 ларда Иштихон шаҳри ҳудудидан ўтувчи М37 «Бухоро-Самарқанд» автомобиль йўлининг «Муҳаммад ота» ошхонаси яқинида турган, фуқаро Улуғбек Мамадиев бошқарувида бўлган «Нексия» русумли, давлат рақами 30 367 RAA бўлган автомашина салонини ва орқа юкхонасини очиб, у ерда бўлган қимматбаҳо нарсаларини ўғирламоқчи бўлган вақтларида туман ИИБ ходимлари томонидан қўлга олиниб, ўғирлик жиноятларини охиригача етказа олишмади.

Улардан 1 дона пўлат чизғич (линейка) далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олиниб, гуруҳ аъзоларининг ҳар бирларининг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш учун туман ИИБ тергов бўлимига тақдим этилиб, уларга нисбатан эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи ҳал қилинмоқда.
Ҳолат юзасидан воқеа жойини кўздан кечириш давомида «Нексия-2» русумли 30 367 RAA давлат белгили автомашинасидан жами 17 та бармоқ излари ҳам олинди.
Воқеага гувоҳ бўлган шахс ҳам гумондорлар йўлнинг нариги томонидан ўтиб келиб, «Нексия» машинасини тунашга уринишганини айтиб берди.


Бундан ташқари, гумондорларнинг бири бошқараётган кулранг «Спарк» русумли, автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда салондан 2 дона ҳар бири 30 смдан бўлган зангламас пўлатдан чизғич ҳамда автомашина эшигини очиш учун қўлбола усулда махсус ясалган 3 дона илгакли симлар ҳам далилий ашё сифатида олинди.








